16:12 / 23.07.2020
9208

Кучли таъсир этувчи дори воситаларини рецептсиз сотганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди

Президент “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Фото: Depositphotos

Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил 1 майда қабул қилинган, Сенат томонидан 2020 йил 19 июнда маъқулланган.

Жиноят кодекси 186-3-модда (Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш, шунингдек таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) бешинчи қисм билан тўлдирилди.

Унга кўра, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш, шундай ҳаракат учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ёки кўп миқдорда содир этилган бўлса - базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўзбекистон президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги "Дори воситалари ноқонуний айланишининг олдини олиш чораларини кучайтириш тўғрисида"ги ПҚ-4438-сонли қарорининг 4-бандига мувофиқ, дори воситалари ва тиббий буюмларни реализация қилиш қоидаларини бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни такомиллаштиришга оид, шу жумладан рецепт бўйича дори воситаларини бериш тартибини бузганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.

Top