17:19 / 24.07.2020
20018

Яна «хизмат доирасидан ташқари»даги қишлоқлар ҳақида. Ечим шунчалик мураккабми?

Кўплаб қишлоқларда интернет тугул, оддий мобил алоқа сифатининг пастлиги, ҳатто смс юбориш ҳам муаммо экани – кўп бора кўтариб чиқилган, ижтимоий тармоқларда муҳокама этилган, қизиқчилар сатирасига айланган мавзу.

Фото: Pixabay

Бу борада бирмунча ишлар қилинаётганини инкор этмаган ҳолда таъкидлаш мумкинми, масалага ёндашув ва эътибор жамоатчилик талаби даражасида эмас.

Хўш, бутун республика бўйлаб бирдай мобил алоқа сифати тўлалигича таъминланмаслиги сабаби нимада? Ривожланган давлатлар майли, ҳатто қўшни республикалар билан таққослаганда ҳам мобил алоқа сифати борасида мақтана олмаслигимизни қандай изоҳлаш мумкин? Нима сабабдан бу соҳа ҳануз хусусий секторга берилмаяпти?

Биз мавзу юзасидан мутахассислар ва жамоатчилик вакиллари фикрлари билан қизиқдик.

 

«Мобил алоқа компанияларига нимага кам станциялар қуряпсан, дейишдан олдин уларнинг ҳам дардини эшитиш керак»

Ҳуқушунос, блогер Хушнудбек Худойбердиев MFaktor дастуридаги чиқишида мавзу юзасидан фикрларини билдириб, қатор саволларни ўртага ташлаган эди.

— Алоқа компаниялари станциялари чекка ҳудудларда камлиги, шунинг натижасида алоқа сифати, интернет пастлигидан шикоят қиламиз. Хўш, нима учун уларнинг сони кам? Битта алоқа станциясини ўрнатиш – жуда қийин бюрократик жараён. Нима учун ҳалигача тизим янгиланмаяпти?

Ўзбекистон тарихида алоқа станциялари билан боғлиқ коррупцион ҳаракатлар, суд жараёнларини кўрдик. Агар битта алоқа станциясини ўрнатиш бунчалик бюрократизмга ботиб кетмаганда, коррупцион ҳолатлар бўлмасмиди? Демак, кимнингдир «оғзини мойлаш» орқалигина станцияларни қуриш мумкин бўлган.

Бу ерда бир нечта савол туғилади: Биринчидан, алоқа станциясини ўрнатиш нима учун жуда мураккаб? Иккинчидан, битта алоқа станциясини ўрнатиш учун давлатга тўланадиган пул нега бунча қиммат?

Мобил алоқа компанияларига нимага кам станциялар қуряпсан, дейишдан олдин уларнинг ҳам дардини тушуниш керак. Молиявий гигант мобил компаниялар қанча кўп станциялар қуришса, уларга шунча фойда-ку. Бунинг илдизини топишимиз керак.

Нима учун Ўзбекистонда интернетни давлат таъминлаши керак? Нима учун хусусий секторга имконият берилмайди?

 

«Хорижда станцияни қуриб, антенна қўйиш учун ижара бериш тажрибаси бор, бизда эса...»

Мирзо Улуғбек номидаги астрономия, физика, математика ва информатика фанларига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати директори Олимжон Тўйчиев:

— Бу масалада асосий сабаб – ҳар бир уяли алоқа компанияси ўзининг антеннасини қўйишга харакат қилади. Шу сабабли ҳам шаҳарнинг бир қисмида ишлаган мобил оператор бошқасида ишламайди.

Хорижий тажрибада бир станцияни қуриб, бир-бирига антенна қўйиш учун ижарага бериш тажрибаси мавжуд, бизда эса афсуски, уяли алоқа компанияларида бундай амалиёт мавжуд емас.

Бир станцияни қуриш ва эксплуатация қилиш анчагина молиявий ресурсларни талаб қилади, шунинг учун уяли компаниялар ўзаро келишиб антенналарини биргаликда фойдаланишни бошласа, юқоридаги ҳолатлар бўлмайди.

 

«Сифатли интернет орқали ҳукумат ўзига савол берувчиларни ва ҳисоб сўровчиларни кўпайтиради. Бу уларга керакми?»

Иқтисодчи, блогер Отабек Бакиров:

— Энг чекка қишлоқлардан бирида туғилганман. Ҳар сафар қишлоққа ҳайитга, байрамлар ёки бошқа сабаб борсам, мени йўқотиб қўйишади, чунки на мобил алоқа ва на интернет бор.

Қизиқ тарафи, қишлоқ аҳли Қирғизистон компанияларининг мобил интернетидан фойдаланади. Россия ва Қирғизистон билан алоқада ҳам қирғиз мобил операторларининг сим-карталарини ишлатишади. Билмадим, нима қилиш керак? Корея ёки Япония эмас, ҳеч бўлмаса, Қирғизистонда нима қилишганини ўрганиш керакми?

Аввало, ташқи интернет трафиги монополиясига амалда барҳам бериш керак. Нафақат Mobiuz, балки бошқа компаниялар ҳам тўғридан тўғри ташқи трафикни сотиб олиш имконига эга бўлишлари лозим.

Оптика орқали интернет ҳақида қишлоқ жойларда ҳали-бери орзу қилмаса ҳам бўлади. У ерда аҳоли компакт яшамаслиги сабабли бу жуда катта маблағ талаб қилади.

Мобил алоқага келсак, яна техник мувофиқлаштириш масалаларига тўхташга тўғри келади. Мобил операторлардан сўранг: битта базавий станцияни ўрнатиш қанчалик қимматга ва қийин бюрократик жараёнга айланган.

Дарвоқе, 5та мобил операторнинг 4таси давлат ихтиёрида, шунинг ўзи катта муаммо. Тармоққа яна хусусий ва хорижий инвесторларни қайтариш керак.

Ҳатто космос хусусий тижорат орқали ривожланиш йўлига ўтаётганида, интернет ва алоқа соҳасида давлатнинг мавжудлигининг ўзи анахронизм. Бу соҳада имкон борича давлат бўлмаслиги керак, демакки, бюджет пуллари ҳам.

Соҳадаги асосий муаммо – Ўзбекистоннинг исталган бизнес борасидаги асосий муаммоси сингари мулк ҳуқуқи ва инвестициялар ҳимояланмаганидир. Интернет ва алоқага пул киритган инвесторни қонун ва суд ҳимоя қила олишига нафақат потенциал инвесторларнинг, балки оддий фойдаланувчи сифатида менинг ҳам кўзим етмайди.

Барча ахборот автократияларида бўлгани сингари сифатли интернет сиёсий, мафкуравий ва иқтисодий монополияни йўққа чиқаради. Пропаганда инструментлари сифатли интернет шароитида жуда ҳам ожиз ва самарасиз маҳсулотга айланади. Шундай экан, сифатли интернет орқали ҳукумат ўзига савол берувчиларни ва ундан ҳисобот сўровчиларни кўпайтиради. Бу керакми ҳукуматга? Билмадим. Қисқа истиқболда сифатли интернет ҳукуматнинг зиёнига ишлайди, ўрта ва узоқ истиқболда эса мамлакат тараққиётини сифатли интернетсиз тасаввур этиб бўлмайди.

Интернетсиз мамлакат энг асосий бойлиги – фуқароларидан айрилаверади.

 

«Алоқа объектини ишга тушириш учун камида 6 ой, баъзан 9 ой керак бўлади, чунки рухсат олиш жараёни жуда мураккаб»

Beeline Uzbekistan компанияси техник директори Евгений Ключев:

— Beeline Uzbekistan жорий йил бошидан бери бутун Ўзбекистон бўйлаб 1500га яқин турли хил технологиялардаги базавий станцияларни ишга туширди. Улардан 950дан ортиғи тўртинчи авлод базавий станциялари (LTE). 2020 йил режаларига кўра, компания томонидан ҳозирда 70та чекка ҳудудларни янги қамров билан таминлаш устида иш олиб бориляпти. Чекка ҳудудлардаги асосий таянч станцияларнинг аксарияти Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларида ишга туширилган.

Узоқ ҳудудларда алоқа станцияларини ўрнатиш доимо катта молиявий харажатларни талаб қилиб келган. Бу, биринчи навбатда, электр таъминоти, оғир ускуналар ва транспорт тармоқлари ўтиш учун кириш йўлларининг етишмаслиги билан боғлиқ. Шунингдек, ҳудуднинг мураккаблиги ва иқлим шароити туфайли иш фақат йилнинг маълум вақтларида бажарилиши мумкин. Шунинг учун қурилиш қиймати жуда катта фарқ қилиши мумкин.

Электр энергиясини етказиб бериш учун махсус ечимларни ўрнатишга ҳожат бўлмаса, камида 160 миллион сўмга баҳоланадиган ускуна нархи ҳисобга олинмаганда, харажатлар минимуми 150 миллиондан бошланади. База станциясини ишга тушириш камида 310 миллион сўм бўлади. Шу сабабли бундай лойиҳаларни амалга оширишда тегишли вазирлик ва идораларнинг иштироки ва ўз вақтида ёрдам кўрсатиши муҳимдир.

База станцияларини қуриш учун қонунчиликда белгиланган тартибда рухсат олинади. Алоқа воситаларини қуриш ва фойдаланишга топшириш – мураккаб жараён. Янги таянч станциясини қуришни бошлашга рухсат олиш – ЛвҚР (лойиҳалаш ва қурилиш учун рухсатнома) учун камида 1,5-2 ой вақт талаб этилади. Алоқа объектини тижорат эфирига чиқариш учун ўртача 6 ой, баъзан 9 ойгача вақт кетади, чунки қатор оралиқ рухсатномалар талаб қилинади.

Компаниямиз рухсат олиш жараёнини соддалаштириш тарафдори. Бу масалада тегишли вазирлик томонидан тушунарли ва конструктив тизим ишлаб чиқилишига умид қиламиз.

 

«Бу йил аҳоли масканларининг мобил алоқа билан қамрови даражаси 97 фоизга, кенг полосали мобил интернет тармоғига уланиш қамрови даражаси 78 фоизга етказилди»

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати мавзу юзасдан қуйидагича маълумотни тақдим этди.

— Мобил алоқа қурилмаларини ўрнатиш, ишга тушириш, хизмат кўрсатишга ўртача 250-300 млн. сўм маблағ сарфланади. Мобил алоқа операторлари ўз телекоммуникация тармоқларини кенгайтириш мақсадида таянч станция ўрнатиш ишларини қонунчиликка асосан, жумладан, Адлия вазирлиги томонидан 2005 йил 7 декабрда 1531-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида радиочастота спектри ва радиоэлектрон воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги бош директорининг буйруғи, «Приемка в эксплуатацию законченных строительством объектов» ШНК 3.01.04-04, шунингдек идоравий қурилиш нормаларига (ИКН 05:2013, ИКН 07:2015) асосан иш олиб борадилар.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мобил алоқа операторлари «Телекоммуникациялар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ҳамда вазирлик томонидан берилган лицензияга асосан фаолият юритади. Барча мобил алоқа операторлари лицензия шартномалари шартларига асосан, ҳар йили тармоқни ривожлантириш режаларини вазирлик билан келишишлари белгиланган.

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида мобил алоқа операторлари томонидан жами 1375та мобил алоқа таянч станциялари ўрнатилиб, аҳоли масканларининг мобил алоқа билан қамрови даражаси 97 фоизга ва кенг полосали мобил Интернет тармоғига уланиш қамрови даражаси 78 фоизга етказилди.

 

Хулоса

Англаганингиздек, масала ечимига бюрократия тўсиғи йўл бермаяпти. Алоқа станцияларини ўрнатиш учун ҳужжатлар расмийлаштириш узоқ вақт ва маблағ этади.

Демакки, ҳукумат бутун республикада интернет тезлигини бирдай оширишни истаса, гап маблағдан кўра кўпроқ жараённи соддалаштиришга ва энг муҳими хоҳиш билдиришга, ташаббус кўрсатишга бориб тақалади.

Муҳаббат Маъмирова

Top