15:11 / 27.07.2020
3337

Хориждаги иш жойига кета олмаган 500 мингга яқин кишининг 76,2 минг нафарига бандликни таъминлаш хизмати кўрсатилган - вазирлик

Январь–июнь ойлари давомида 219 657 нафар фуқаро меҳнат миграциясидан қайтиб келган. Уларнинг 122 805 нафари Россиядан, 63 636 нафари Қозоғистондан, 7 144 нафар Туркиядан ва 3376 нафар Жанубий Кореядан ҳамда 22 697 нафари бошқа чет давлатлардан қайтган.

Бугун, 27 июль куни АОКАда ўтказилган брифингда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот котиби Раҳимжон Маҳкамов меҳнат бозоридаги таҳлиллар билан таништирди.

Вазирлик расмийсининг таъкидлашича, карантин чекловлари натижасида хорижий давлатлардаги иш жойларига кета олмаган 500 мингга яқин фуқаронинг 76,2 минг нафарига бандликни таъминлаш хизматлари кўрсатилган.

«Уларнинг 68,7 минги жамоат ишларига жалб этилди ва иш ҳақи тўлови учун 21,8 миллиард сўм Жамоат ишлари жағмармаси ҳисобидан молиялаштириб берилди. Шунингдек, Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан субсидиялар ажратиш орқали 4 мингга яқин фуқаро шахсий томорқаларида ва 2,5 мингдан ортиқ фуқаро эса кооперативларга аъзо сифатида бириктирилиб, уларнинг бандлиги таъминланди.

Маълумотга кўра, пойтахт ва Тошкент вилояти ҳудудидаги қурилиш ташкилотларига республиканинг бошқа ҳудудларидан қурилиш соҳасида ишлаш истагида бўлган, асосан, хорижга ишлаш учун кета олмаган 4,5 минг ўзбекистонлик вахта усулида ишга жойлаштирилган.

Шунингдек, брифингда январь–июнь ойлари давомида 219 657 нафар фуқаро меҳнат миграциясидан қайтиб келгани, уларнинг 122 805 нафари Россиядан, 63 636 нафари Қозоғистондан, 7 144 нафар Туркиядан ва 3376 нафар Жанубий Кореядан ҳамда 22 697 нафари бошқа чет давлатлардан қайтгани маълум қилинди.

«Хориждан қайтиб келган фуқароларнинг 201,4 минг нафари уйма-уй юриб ўрганилди ва уларнинг 100,6 минг нафарининг (50 фоиз) бандлиги таъминланди», деди вазирлик матбуот котиби.

Top