Crocus City Hall”даги терактдан сўнг, Россия кучишлатар тузилмаларининг меҳнат муҳожирлари, хусусан Марказий Осиё давлатларига мансуб фуқароларга нисбатан агрессив ва шовинистик характердаги рейдлари кўпайди. Жойларда мусофирлар калтакланиб, ҳатто маҳаллий аҳоли томонидан пичоқлаб ўлдириш ҳолатлари кузатилди. Kun.uz айни дамдаги вазиятни билиш мақсадида Россияда бўлиб турган ҳуқуқшунос Зарнигор Омонуллаева билан суҳбатлашди.

“Crocus City Hall”да теракт бўлганига 14 кун тўлди. Мамлакатда бўлиб турган ўзбек ҳуқуқшуноси Зарнигор Омонуллаеванинг айтишича, Москвада мигрантларга нисбатан бўлаётган агрессив, шовинистик характердаги ҳолатлар бироз камайган.

“Лекин миграция қонунчилигига қатъий, баъзида мантиқсиз ўзгартиришлар таклиф қилиняпти. ИИВ ходимларининг уйма-уй текшириш масаласи кўтарилиб, бу ёқланди. Бу дегани эндиликда ҳар қандай ўзининг яшаш манзили бўйича яшамаётган меҳнат муҳожири Россиядан чиқариб юборилиши мумкин”, – дейди Kun.uzʼга интервю берган ҳуқуқшунос.

Қуйида тўлиқ суҳбатни ўқиб чиқишингиз мумкин.

22 мартни эслай оласизми, ўша вақтда нималарни кўрдингиз, кузатдингиз? Дастлаб шу ҳақда гаплашсак.

— Бу хабар [теракт содир бўлгани] 22 март куни кечқурун соат саккиздан сўнг чиқди. Бу вақтда уйда эдик, Красногорск шаҳри бизга яқин эмас, орамизда 2 соатлик йўл бор. Янгиликлар чиқишни бошлагач, Migrant.uz сайти жамоаси билан янгиликларни ёрита бошладик, деярли 2 кун давомида шу иш билан шуғулланиб, мигрантларга тавсияларимизни бериб турдик.

Терактдан сўнг кучайтирилган хавфсизлик чоралари мигрантларга қандай таъсир кўрсатди? Кузатувларда кўпроқ салбий муносабатларни учратяпмиз.

— Терактгача мигрантлар орасида миграция қонунчилиги асосида рейдлар бўлиб турарди, лекин терактдан кейин рейдлар сони, қамрови, текширув даражаси кескин ошиб кетди. Олдин фақат қонунчилик доирасидаги керакли ҳужжатлар текширилган бўлса, энди телефонларгача текшириш ҳолатлари кўпайди. Ёки аэропортларда, чегараларда мигрантларга нисбатан савол-жавоб, текширувлар кўпайди.

Кириб-чиқиш жараёнида сиёсий, диний қарашлар сўрала бошланди. Дейлик, олдин 10 фоиз мигрантлар рейдларга тушган бўлса, ҳозир 50 фоиз мигрантлар тўғридан тўғри рейдга тушиб, текширилмоқда. Бунгача рейдлар шаҳарларда навбатма-навбат ўтказилган бўлса, терактдан сўнг ёппасига барча шаҳарларда сезиларли тарзда қаттиқ рейдлар ўтказиляпти.