15:15 / 28.07.2020
3241

Буюк Британия велосипедчиларни қўллаб-қувватлаш учун миллиардлаб маблағ сарфлайди

 Бирлашган Қироллик соғлом турмуш тарзини рағбатлантирмоқчи ва транспорт соҳасида зарарли моддалар ажралишини бутунлай тўхтатган дунёдаги биринчи давлат бўлмоқчи.

Фото: DPA

Буюк Британия ҳукумати аҳолининг велосипедда ҳаракатланишини қўллаб-қувватлаш учун 2 млрд фунт стерлинг (2,19 млрд евро) маблағ сарфлайди.

Душанба куни эълон қилинган режага кўра, мамлакатда минг километр узунликдаги велойўлаклар қурилади, велосипед минишни ўргатиш дастурлари жорий этилади, электровелосипедларни сотиб олиш осонлаштирилади. Бундан ташқари, эски велосипеди бор фуқароларга уни таъмирлаш учун 50 фунт миқдорида ваучер тақдим этилади.

Бирлашган Қироллик соғлом турмуш тарзини рағбатлантирмоқчи ва транспорт соҳасида зарарли моддалар ажралишини бутунлай тўхтатган дунёдаги биринчи давлат бўлмоқчи.

Буюк Британия ҳукумати шунингдек, аҳоли орасида семиришга қарши курашиш кампаниясини ҳам бошлади. Британия вазирлар маҳкамаси семиришни "секин таъсир қилувчи бомба" деб атади.

Эндиликда телевидение ва интернетда соат 21:00гача фастфудни реклама қилиш тақиқланди, ходимлари 250 нафардан ортиқ бўлган ресторан ва қаҳвахоналар тармоқлари эса менюдаги таомлар калориясини кўрсатиши шарт этиб қўйилди.

Аввалроқ Сан-Францискодаги Калифорния университети тадқиқотчилари қандли диабет касаллиги бўлган беморлар COVID-19дан бошқаларга нисбатан 12 марта кўпроқ вафот этишларини аниқлаганди.

Top