22:51 / 31.07.2020
35185

«Ҳисоб-китоб ва имкониятдан келиб чиқиб ишлаяпмиз» – Жамшид Абруев 1 сентябрдан пенсия ва нафақалар ошиши ҳақида

Молия вазири ўринбосари Жамшид Абруев пенсия ва нафақалар нега айнан 10 фоизга оширилаётганини тушунтирди.

Фото: Молия вазирлиги ахборот хизмати

«Президент фармони билан, 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб пенсиялар, болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақалар миқдори 1,1 баробар оширилмоқда.

Бу фармон 2.5 трлн.лик чора тадбирларни ўз ичига олган.

Бунинг натижасида 2 млн 800 минг нафар кекса ёшдаги пенсионерлар ва 700 мингга яқин ногиронлиги бўлган нафақахўр шахслар пандемия пайтида давлат томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Бизга савол беришларингиз мумкин, нега 10 фоиз ва нимадан келиб чиққан ҳолда, дея.

Бу инфляциями? Йўқ, бу инфляция эмас. Бизда инфляция 7 ойлик кўрсаткичлар бўйича анча паст. Дастлабки маълумотларга кўра, бизда ўтган 7 ойлик бўйича 4,3 фоиз бўлиши кутилмоқда.

Бу 10 фоиз эса қарияларнинг турли маҳсулотларга ва хизматларга бўлган эҳтиёжи учун. Айнан шундай қийин пайтда улар қўллаб-қувватланяпти», – дея вазир ўринбосарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Абруев ҳукумат «бу оширишда ўзининг бор молиявий имкониятларидан келиб чиққан ҳолда» иш кўраётганини таъкидлади.

«Чунки мана шу тадбирнинг ўзи 2020 йил бюджети учун 1 трлн 40 млрд сўм қўшимча ҳаражат бўляпти.

Хўш, бу нима учун 2 ёки 3 трлн эмас? Чунки биз ҳисоб-китоб ва имкониятимиздан келиб чиқиб ишлаяпмиз. Бунинг учун биз четдан ҳеч қандай қарз жалб қилмаяпмиз», деди у.

Вазир ўринбосари ўз сўзида шу каби тўловларни оширишда 2019 йилдан бошлаб янги тизим ишлаётгани, яъни «энг кам иш ҳақи» тушунчаси ўрнига «базавий ҳисоблаш миқдори» атамаси киритилганини ҳам эслатиб ўтди.

«Эътибор берган бўлсангиз, биз шу йилнинг 1 февралида ҳам фақат иш ҳақи, пенсия ва нафақани оширдик. Ҳозир ҳам пенсия ва нафақаларнинг ўзини оширяпмиз ва бунга бошқа тўловларни оширмаслик орқали эришилди», деди Жамшид Абруев.

Top