Камбағалликни қисқартириш халқаро форумида молия вазири ўринбосари Жамшид Абруев Kun.uz'га пул тарқатиладиган аҳоли қатлами маблағларни қандай олиши ҳақида гапириб берди. Шунингдек, вазир ўринбосари журналистларнинг аҳолига пуллар етиб бориши қандай назорат қилиниши ҳамда пул тарқатилгач бюджет ўрни қандай қопланиши ҳақидаги саволларига жавоб берди.
— Кимларга қанчадан пул тарқатилади?
— Куни кеча президентимизнинг аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлашга доир қарори қабул қилинди ва унда қуйидаги аҳоли қатламларини бир марталик моддий ёрдам шаклида қўллаб-қувватлаш белгиланди. Бу пулларни оладиганлар кимлар? Биламизки, ҳозирги кунда Ягона ижтимоий реестр орқали кам таъминланган аҳоли нафақа олиб келмоқда. Яъни маҳаллалар орқали олинадиган аризаларга асосан кам таъминланган аҳолига моддий ёрдам берилади. Шунақа кам таъминланган оилаларнинг ҳозирги кунда 4,5 миллион нафар 18 ёшгача бўлган болалари бор. Мана шу 4,5 миллион болага, яъни ҳар бир оиланинг ҳар бир 18га кирмаган боласи учун 200 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам берилиши белгиланди. Бундан ташқари, 18 ёшгача бўлган болалари бўлмаган, аммо кам таъминланган оилалар ҳам Ягона ижтимоий реестр орқали моддий ёрдам олиб келмоқда. Шу оилаларга ҳам бир марталик ёрдам берилади. Бундан ташқари, пенсия жамғармаси орқали пенсия олувчи қариялар, боқувчисини йўқотганлик ва ногиронлиги пенсияси ёки нафақасини олувчи шахсларга ҳам бир марталик моддий ёрдам берилади, бунинг миқдори ҳар бир одам учун 300 минг сўмдан, Тошкент шаҳрида 400 минг сўмдан.
Мисол учун, боқувчисини йўқотган оила онаси ва 2 фарзанди учун бугунги кунда нафақа олиб келаётган бўлса, бу оилага 3 киши учун 900 минг сўм берилади. Ёки оилада 2 нафар пенсионер қария бўлса, уларнинг ҳар бири учун 300 минг сўмдан 600 минг сўм берилади.
Хабарингиз бор, яқинда парваришга муҳтож ногирон болани тарбиялаётган оналарга парваришлаш нафақаси берилиши янгидан жорий этилган эди. Бир марталик моддий ёрдам пуллари шу тоифадаги оналарга ҳам берилади.

Фото: Kun.uz
— Пуллар қай тартибда тўланади?
— Тўловлар президент қарори чиққан кундан бошлаб амалга оширилиши назарда тутилган. Бугунги кунда пенсия ва нафақалар амалга оширилган тартиб қандай бўлган бўлса, ёрдам пуллари ҳам шундай тўланади. Яъни фуқаролардан ҳеч қандай ариза ёки мурожаат қилиш талаб этилмайди. Кимки май ойида пенсия ёки нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлган бўлса, буларнинг ҳаммасига дастур орқали пуллар тўлаб берилади. Кам таъминланган оилаларнинг 70 фоизига банк карталари орқали нафақалар тўлаб келинмоқда, уларга карталар очилган ва бугун, эртанинг ўзида (интервю 26 май куни ёзилган – таҳр.) ушбу маблағлар тушади. 30 фоиз қисми қолади, улар ҳар доим нақд пул кўринишида олинади; икки ҳафта ичида халқ банки филиаллари орқали нақд пулларни тарқатиб чиқиш вазифаси белгиланган. Яъни ким шу вақтгача нафақани пластик карта орқали олаётган бўлса, уларга 2 кун ичида пуллар тушириб берилади, нақд кўринишда оладиганларга эса жойларда қишлоқма-қишлоқ, маҳаллама-маҳалла юриб тарқатилади.














