23:16 / 03.08.2020
11591

Шикоят – журналист – масъул идора: муаммоларни ҳал қилиш йўлида ётган ғовлар ҳақида

Тасаввур этинг, журналистга мурожаат келиб тушди. Дейлик, мурожаатчи – тадбиркор, у шу тобда том маънода ҳаводек зарур бўлиб турган кислород концентраторларини чет элдан олиб кириш жараёнида бир талай қийинчиликларга дуч келган. Яъни аэропорт ва божхона, шунингдек, бошқа идораларда ҳам юкни расмийлаштиришда тартибсизликка, сансалорликка ва ростини айтиб қўяверайлик, коррупцияга дуч келган.

Буни тадбиркор журналистга-ку рўй-рост айтиб беради, керак бўлса Аллоҳ номи билан қасам ичади, аммо...

Тадбиркор дардини журналистга айтганда ҳам, юрагини ҳовучлаб туради, инчунун номи пинҳон қолишини истайди. Зеро, «кейин мендан ўч олишса-я, ахир, назорат органларига яна ишим тушади – тадбиркорман» деб фикрлайди. Бу эса журналист учун коррупция ҳолати тугул, умуман, муаммони ёритиш йўлидаги биринчи қийинчилик бўлади.  

Энди иккинчи қийинчилик ҳақида.

Журналист муаммони тизимли ҳал қилиш кераклигини тушунади. Ахир, битта тадбиркор дуч келган муаммони бартараф этиш билан ҳеч нарса ўзгармайди – бу ёқда айнан бу каби муаммога дуч келаётган кўплаб бошқа тадбиркорлар турибди.

Масала бориб мавжуд тизимга, тартиб ва меъёрларга, ҳамда идораларда ҳукм сураётган муҳитга тақалади. Уларни ўзгартириш керак.

Аммо бу энг қийини. Мақола юмшоқроқ сўзлар билан ёзилса, юқори идораларнинг эътиборини тортмайди. Шунда журналист «мана сенга бўлмаса», деб қаттиқ сўзларни ишлатиб, муаммони «уятсизларча» яланғочлайди, тафсилотлари билан. Шундагина «чанг-тўзон» бошланади: масалага бевосита алоқадор идоралар ишга киришишади, юқоридан гап эшитмаслик учун.

Бироқ идоралар ... кўтарилган умумий муаммони эмас, балки айнан ўша мурожаатчи дуч келган ҳолатни бартараф этишга тушишади.

Бу дегани муаммога сабаб бўлаётган омиллар барҳам топмайди. «Қаерда бу муаммо, жойини айтинг, шикоятчини телефон номерини бизга беринг, ҳозироқ ҳал қиламиз муаммосини» – шундай сўзлар журналистнинг ҳамроҳи.

Ҳурматли мутасадди, битта ҳолатни ҳал қилдингиз ҳам дейлик, бироқ битта инсон ёхуд битта юридик шахс эмас – жамият дуч келган, кўплаб одамлар учраётган муаммо ҳал бўлмади-ку! Ўзгартириш керак бўлган тартиблар, меъёрлар, энг муҳими – ходимларингизнинг дунёқараши ўзгармади-ку!

Пандемия билан боғлиқ ҳозирги вазиятни... ҳарбий ҳолатга – урушга қиёслашга асосимиз бор. Зеро, ҳаёт-мамот жанги кетяпти. Аммо шундай вазиятда ҳам коррупция кенг қулоч ёйиб турибди, хабарлар бундан далолат бериб турибди. Модомики, шундай лаҳзада ходимлар коррупцияга қўл уришяптими, демак, идора ва ташкилотларда ҳукм сураётган муҳит ўта ёмон. Демак, коррупцияга қўл ураётган ходим шу тобда – уруш пайтида миллатга хиёнат қилаётганини ҳис этмайди, душманга халқини сотиб бераётганини англамайди. Нега англамайди?

Бу савол устидан жиндек ўйланиб кўрсак, жавоб айнан идора ва ташкилотларда ҳукм сураётган муҳитга бориб тақалади. Зеро, муҳит яхши бўлган жойда бунақа иллатларга жой қолмайди – яхши, нурли муҳитда иллатлар «эриб, ёниб кетишга» маҳкум.

Негизида ётган сабабларга барҳам берилмас экан, муаммолар барҳам топмайди. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Ечимини топмаган муаммолар борган сайин урчийверади, урчийверади, газаклайди, томир отади.

Шунинг учун алоҳида ҳолатларгагина эмас, асл сабабларга назар ташласак, муваффақият қозонамиз. Акс ҳолда, сабаби битта бўлган турлича муаммолардан бошимиз чиқмай юраверамиз.

Шокир Шарипов

Top