18:00 / 05.08.2020
3459

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси чипта таклиф қилаётган товламачилардан огоҳлантирди

Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Ўзбекистон бош консуллиги ушбу мамлакатда бўлиб турган ўзбекистонликларга мурожаат билан чиқиб, чартер рейсларга навбатсиз қўйиш хизмати таклиф қилаётган товламачиларга алданиб қолмасликдан огоҳлантирди. Мурожаатда айтилишича, Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси ёки бош консулликларининг чартер рейслар учун рўйхатни шакллантириш борасида “ишончли вакили” ёки “ишончли ходимлари” мавжуд эмас.

4 август куни Uzbekistan Airways авиакомпанияси томонидан ташкил этилган чартер парвозида 270 йўловчи, шу жумладан 5 нафар вояга етмаган ўзбекистонлик ватанга қайтарилгани хабар қилинди. Ушбу рейсда, 4 август куни Истанбул шифохоналаридан бирида вафот этган фуқаро Р.М.нинг жасади ҳам Ўзбекистонга юборилган.

Шу билан бирга, айрим йўловчилар белгиланган вақтда аэропортга етиб келмаганлиги боис, 20 киши мазкур рейс рўйхатига киритилган, бунда, асосан, ҳомиладор, кўп болали ва бемор фуқароларга устуворлик берилган.

Қайд этилишича, рейсга рўйхатдан ўтганлар орасида Туркия миграция қонунчилигини бузганлик сабабли қолиб кетганлар кузатилмаган.

“Ушбу парвозни ташкиллаштириш жараёнида баъзи гуруҳларнинг парвозга навбатсиз қўйишни ваъда қилиб, Ўзбекистон фуқароларидан товламачилик йўли билан пул ундираётган ҳолатлар бўйича ахборот келиб тушди. Ўрганишлар натижасида, товламачилар таклиф қилган чипталар чартер рейси учун ўтмаслиги аниқланди.

Юқоридаги баёнлардан келиб чиқиб, муайян тўловлар эвазига Ўзбекистонга юборишни ваъда қилаётган шахслар ва фирибгарлик ҳолатлари бўйича Бош консулхонага маълумот беришингизни сўраб қоламиз. Шуни алоҳида таъкидлашни истаймизки, Элчихона ва Бош консулхонанинг чартер рейслари учун рўйхатларни шакллантириш бўйича ваколат берилган ҳар қандай “вакиллар”и ёки “ишончли шахслар”и мавжуд эмас.

Top