09:07 / 06.08.2020
27796

Мактабдаги синфда неча нафар ўқувчи бўлиши керак?

Халқ таълими, молия ва соғлиқни сақлаш вазирликларининг қарори билан Умумтаълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низом Президентнинг 30.12.2019 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4555-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган.
 
Norma’нинг ёзишича, умумтаълим муассасаларининг синфлари ўқувчилар сонидан келиб чиқиб, қуйидаги меъёрлар асосида комплектланади:

шаҳар ҳудуди ва туман марказларида – 25–35 нафаргача;

қишлоқ ҳудудларида – 20–35 нафаргача (олис (тоғли, чўлли) ҳудудларда жойлашган умумтаълим муассасалари бундан мустасно).
 
Ўқувчилар сони мазкур меъёрлардан кам бўлган ҳолларда умумтаълим муассасаси туман (шаҳар) халқ таълими ва молия бўлимлари билан келишган ҳолда синфларни комплектлайди.
 
Низомда ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларидаги синфларни комплектлашга асос бўладиган норматив ҳужжатлар ҳам кўрсатиб ўтилган.
 
Кам комплектли умумтаълим муассасаларида (филиалларда) бошланғич синф ўқувчилари қуйидаги ҳолларда битта синфга бирлаштирилиши мумкин:

ўқувчилар сони 8 нафаргача бўлган I–IV синфлар;

ўқувчилар сони 12 нафаргача бўлган учта бошланғич синф;

ўқувчилар сони 24 нафаргача бўлган иккита бошланғич синф (I ва III, II ва IV синфлар).
 
Умумтаълим муассасалари ҳар йили 30 августга қадар таълим олаётган ҳамда биринчи синфга қабул қилинаётган ўқувчиларнинг нома-ном рўйхатини шакллантиради. Улар электрон дастур орқали маълумотларни тегишлилиги бўйича ҳудудий халқ таълими бўлинмалари ва молия органларига кўриб чиқиш учун юборади. Низомда ҳудудий халқ таълими бўлинмалари ва молия органлари тақдим этилган маълумотларни кўриб чиқишига асос бўладиган мезонлар санаб ўтилган, шунингдек синфлар комплектини тасдиқлаш тартиби белгиланган. Тегишли молия йили учун тузилган харажатлар сметасида кўзда тутилган синфлар сонидан ортиқ янги синфлар ҳудудий халқ таълими бўлинмалари ва молия органлари билан келишилган ҳолда ташкил этилади.
 
Халқ таълими вазирлиги томонидан тарификация рўйхатларини шакллантириш учун умумий ўрта таълимнинг таянч ўқув режаси ишлаб чиқилади. Умумтаълим муассасалари умумий ўрта таълимнинг таянч ўқув режаси асосида ҳар йили 10 сентябрга қадар ўз муассасасининг дарс соатлари сеткасини шакллантиради.
 
Дарс соатлари сеткаси умумтаълим муассасасининг педагогик кенгаши томонидан икки иш куни ичида кўриб чиқилиб, 15 сентябрга қадар Низомда келтирилган кўрсаткичларнинг устувор кетма-кетлиги асосида ўқитувчиларга тақсимланади. Умумтаълим муассасаларининг ўқитувчиларига йиллик бир ярим ставкадан (йиллик 2 322 соат) ортиқ дарс соатлари белгиланишига йўл қўйилмайди.
 
Низомда умумтаълим муассасалари ўқитувчиларининг тарификация рўйхатини шакллантириш учун зарур бўлган бошқа қоида ва талаблар ҳам қайд этилган.
 
Ҳужжат 30.06.2020 йилдан кучга кирган.

Top