11:55 / 07.08.2020
12347

«Олий таълимнинг барча босқичларида коррупция иллатлари мавжуд» – Норбоева таълим тизимини танқид қилди

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева олий таълим тизимини танқид қилди.

Фото: Сенат матбуот хизмати

«Олий таълимни коррупциядан халос қилиш ҳозирги асосий масалалардан биридир. Таҳлилларга кўра, олий таълимнинг деярли барча босқичларида коррупция иллатлари мавжуд. Айниқса, талабаликка қабул қилиш, таълим давридаги синовлар, ўқиш жойини кўчириш босқичларида коррупцион ҳолатлар кенг тарқалган.

Бу нафақат таълим сифатига салбий таъсир кўрсатади, балки олий таълим муассасаларининг халқаро рейтинглардаги нуфузини ҳам туширмоқда.

Ўзбекистондаги бирорта ҳам олийгоҳ дунёдаги кучли университетлар мингталиги рейтингига кира олмаган. Бирортаси ҳам! Республикадаги энг йирик олийгоҳ – Ўзбекистон Миллий университети ҳам жаҳондаги 30 мингга яқин олий ўқув юртларининг глобал рейтингини тузувчи Webometrics рўйхатида 3971-ўринда. Бошқа рейтингларда эса 4080-ўринни эгаллаган», деди Норбоева Сенатнинг 6-ялпи мажлисида.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига жаҳон рейтингларида республика олийгоҳлари ўрни ва нуфузини ошириш топшириғи берилди.

Танзила Норбоева касбга тайёрлаш ва масофавий таълим масалаларига ҳам тўхталиб ўтди.

«Таълим сифати қайси босқичда, қайси шаклда, ким томонидан берилмасин энг устувор мезон бўлиши шарт. Айниқса, умумий ўрта таълим босқичида касбга ўргатиш масаласига жиддий эътибор қаратиш лозим. Касбга тайёрлаш тизими уйғун ва мослашувчан, меҳнат бозори талабларига мос бўлиши лозим.

Шунингдек, пандемия шароитида таълим беришнинг онлайн шаклига ўтилганда педагогларнинг масофавий таълим бўйича кўникмалари етарли эмаслигини кўрдик. Бундай вазиятга ҳеч ким тайёр эмас эди. Ўқувчи ва ўқитувчилар орасида қайта алоқа механизмлари яхши йўлга қўйилмади. Узоқ ҳудудларда сифатли интернетнинг йўқлиги ҳам таълим самарадорлигига таъсир кўрсатди.

Шу боис масъул идоралар масофавий таълимни самарали йўлга қўйиш бўйича концепция ишлаб чиқишлари зарур», дея Норбоеванинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Top