15:58 / 10.08.2020
7211

Бекобод туманида нархларни ошириб юборган таксичиларнинг машиналари жарима майдончасига қўйилди

Зафар шаҳарчасидан йўналишларга қатнаётган 15та автомобиль ҳайдовчилари ўзбошимчалик билан нарх белгилаганликлари учун уларнинг автомашиналари жарима майдончасига қўйилди. 

Фото: РИА Новости / Наталья Селиверстова

Тошкент вилояти ҳокимлигига мурожаат йўлланган. Унда Бекобод тумани Зафар шаҳарчасидан Бекобод шаҳригача ҳамда ушбу шаҳарчадан Далварзин бўлимигача бўлган масофада ҳаракатланаётган йўналишсиз такси эгалари карантин даврида нархларни бирмунча ошириб юборганлиги хабар қилинган эди.

Тошкент вилояти Транспорт бошқармаси хабарига кўра, ушбу масалани ҳал этиш учун вилоят Транспорт бошқармаси инспекторлари томонидан қайд этилган ҳудудда икки кун давомида рейд тадбирлари ташкил этилди. Натижада бир қатор қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди.

Хусусан, Зафар шаҳарчаси ҳудудидан йўналишларга қатнаётган 4 та “Нексия”, 4 та “Матиз”, 4 та “Спарк” ҳамда 3 та “Дамас” русумли автомобиль ҳайдовчилари ўзбошимчалик билан сунъий равишда нарх белгилаганликлари учун уларнинг автомашиналари жарима майдончасига қўйилди. Шунингдек, Далварзин бўлимига қатновчи 5 та “Дамас” русумли автомобиль ҳаракатига ҳам чек қўйилди.

“Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ўтказилаётган рейдлар давомида такси ҳайдовчиларига пандемия даврида аҳолининг норозилигига сабаб бўлаётган ҳолатларга чек қўйиш, вазиятни тўғри таҳлил қилиб иш юритиш масалаларида бошқарма ходимлари томонидан тушунтириш ишлари олиб бориляпти”, - дейилади маълумотда

Top