23:38 / 14.08.2020
8231

Шамол ва қуёш энергетикаси биринчи марта дунёдаги умумий электр энергиянинг 10 фоизини берди 

Ember агентлиги таҳлилчилари қуёш ва шамол энергетикаси 2020 йилнинг биринчи ярмида дунёда ишлаб чиқарилган электр энергиянинг 10 фоизини берганини ҳисоблаб чиқишди. Бу эса рекорд кўрсаткич ҳисобланади.

Фото: KUN.UZ

Бу орада кўмир электр станциялари ўз қувватининг ярмидан камроққа ишлаган.  

Пандемия вақтида электр энергия истеъмоли камайганига қарамай, тикланувчи энергия манбалари ёрдамида январдан июнгача 1129 ТВт-соат энергия олинган. 2019 йилнинг биринчи ярмида бу энергия манбалари ишлаб чиқарган энергия 992 ТВт-соатни ташкил қилган. Бир йиллик ўсиш 13,8 фоиз бўлган. 

Шамол ва қуёш ёрдамида олинган энергия улуши иқлим ҳақида Париж келишуви имзоланган 2015 йилдан бери 2 мартадан кўпроққа ошган. Ўшанда бу кўрсаткич 4,6 фоизни ташкил қилган. 

Ҳавони энг ифлослантирувчи қазилма ёнилғи – кўмир ёқишдан олинадиган энергия ҳажми 2020 йил биринчи ярмида 8,3 фоизга камайган. 

Таҳлилларнинг кўрсатишича, кўплаб йирик давлатлар, жумладан, Хитой, АҚШ, Ҳиндистон, Япония, Бразилия ва Туркия ўзи ишлаб чиқарадиган умумий энергиядан камида 10 фоизини шамол ва қуёшдан олади. Бунда Британия ва Европа иттифоқи алоҳида таҳсинга сазовор ҳисобланади, чунки улар мос равишда 21 ва 33 фоиз энергияни тикланувчи манбалардан олади.

Шамол энергетикаси бўйича глобал кенгаш (GWEC) прогнозларига кўра, 2030 йилга келиб денгиз шамолидан олинувчи энергия ҳажми бутун дунё бўйлаб 2019 йилдаги 29,1 ГВтдан 234 ГВтгача кўпайиши мумкин.

Top