09:30 / 14.08.2020
13876

«Сув келишини кутиб, ухламай ўтирамиз» — Тошкент туманидаги узоқ йиллик ичимлик суви муаммоси

Сув – ҳаёт манбайи. Бу исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Шу билан бирга, тоза ичимлик суви муаммоси Тошкент вилоятининг қатор туманларида долзарблигича қолаётган масалалардан биридир.

Тошкент тумани Забардаст маҳалласида истиқомат қилиб келаётган фуқаролар ҳам ичимлик суви етиб келмаётгани, мутасадди идораларга қилинаётган мурожаатлар эса натижасиз қолаётганини билдиришди.

«Бу ерда 20-25 йилдан буён яшаб келаётган фуқаролар ҳам бор. Биз ҳам яхши ният билан Тошкентнинг эски шаҳар қисмидан бу ерга ўтган йили кўчиб келган эдик. Сентябрда кўчиб келган бўлсам, декабрда сайлов арафасида 2-3 кун сув бўлган. Харид қилаётганимда 3 ой ёзда сув билан муаммо бўлишини, йилнинг қолган 9 ойида сув бўлишини айтишганди. Бироқ, келганимдан бери сув йўқ. Бугунги кунда 20-30 қаватли уйлар қуриляпти, уларга сув чиқариш имкони бор, нега бу ерда йўқ? Ичимлик суви бўлса, шаҳардан қолишмайдиган жой», – дейди маҳалла фуқароси Малика Қосимова.

Унинг сўзларига кўра, «Сувсоз» ДУК ва «Мусаффо оби ҳаёт» МЧЖ Забардаст 6-12 кўчалари фуқароларига ҳашар йўли билан сув ўтказиб бериш мумкинлигини айтишган. Шундан сўнг, Олтинтепадан Забардаст 1-5-кўчаларга алоҳида қувур тортилиб, Забардаст 6-12 кўчаларга ичимлик сув келтирувчи қувур ҳашар йўли билан ётқизилган. Бунинг учун алоҳида пул йиғилиб, ишчилар хизмат ҳақи ҳам шу маблағ ҳисобидан адо этилган. Шу мақсадда тармоқ иккига ажратилиб, махсус бурама ҳам ўрнатилган. Бироқ, «аҳоли хурсандчилиги узоққа чўзилмади, сув атиги бир кун, 17 майда берилди, холос», – дейди мурожаатчи.

Забардаст 1-5-кўчалар ҳамда 6-12-кўчаларга ҳафта кунлари тақсимланган бўлиб, чоршанба куни 1-5-кўчаларга, 6-12-кўчаларга якшанба куни 24 соат мобайнида сув етказиб берилиши керак. Аммо, муаммонинг мағзи мана шу ерда. Якшанба куни 6-12-кўчаларда истиқомат қилувчиларга сув етиб келмайди.

«Келса ҳам ярим тун соат 1:00дан кейин етиб келади, биз идишларни сувга тўлдириб олиш учун сув келишини ухламай кутишимиз керак бўлмоқда», – дейишди фуқаролар.

«15 йилдан бери сув муаммоси. Порталга мурожаат қилдик, «Мусаффо оби ҳаёт»га ёздик, натижа йўқ. Келади, бир қоғозни тўлдириб кетади. Расмга олиб кетади. Алам қилади-да одамга. Шундоқ ёнгинамиздаги кўчаларда бор, бизда йўқ. Бизга улар етарли босимда сув ҳайдамаяпти», – дея ёзғиради онахон.

Муаммо сабаби нима эканига ойдинлик киритиш мақсадида Олтинтепа маҳалласида жойлашган «Сувсоз» ДУК ва «Мусаффо оби ҳаёт» МЧЖ идорасига бордик ҳамда мутасаддилар изоҳини сўрадик.

Даставвал, МЧЖ техник ходими Аҳрорхўжа Шамсихўжаев муаммо моҳияти нимада эканига тўхталди.

Аҳрорхўжа Шамсихўжаев

«Кўксарой ҳудуди Тошкентнинг ёнгинасида бўлгани билан суви миқдори энг кам, сувсизлик кўпроқ бўлган ҳудуд ҳисобланади. Биринчи босқичда 6-7 йил мобайнида Тўлабий ҳудуди сувдан қийналди. Ҳозир бу ерлар 80 фоизга сув билан таъминланди», – дейди Шамсихўжаев.

Унинг айтишича, 10-иссиқхонадан ёз мавсумида Кўксаройнинг Олтинтепа, Шамсиобод, Бештерак ва Қўҳинур маҳаллаларига ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 250 мм.лик қувурлар ётқизилган. Бунинг натижасида ичимлик суви таъминоти 30-40 фоизга яхшиланган.

Шу билан бирга, Шамсихўжаевга кўра, илгари мазкур ҳудудда ариқ суви ҳам бўлган, бироқ ҳозирда бу сув йўқ ёки жадвал асосида берилади. Шунинг учун ҳам оғирлик ичимлик суви тармоғига тушмоқда.

«Шундайлар борки, қувурдан сув берилиши билан томорқасини суғоради, катта ҳажмли идишини сувга тўлдиради, у қўшнисини ўйлаётгани йўқ. 12та кўчада 280 хонадон бор. 1-5-кўчаларда 124та хонадондан 48та хонадонга сув ўтмаяпти. Қўшниларнинг жабри туфайли. Боиси, кўпчилиги уйларига насосчалар ўрнатиб олган», – дея таъкидлайди МЧЖ ходими.

Қолаверса, ҳудуднинг табиий жойлашуви ҳам ичимлик сувини етказиб беришда қийинчиликларга сабаб бўлмоқда. Сув манбайидан аҳоли турар жойлари ўртасидаги нишаблик 34,5 метрни ташкил этади. Бугунги кунда ишлаётган насослар эскиргани боис, туман ҳокимлиги 240 млн сўм эвазига Германиянинг Grundfos фирмасининг насосини харид қилиш учун пул маблағи йўналтирган. Ушбу насос ўрнатилгач, аҳолини ичимлик суви билан таъминлашда муаммо бўлмайди. Тун-у кун сув бериш имкони пайдо бўлади.

«1,1 км масофага 250 мм қувурлар ётқизиш ишлари якунланди. Насос ўрнатилгач, 700 куб метрлик захира ҳовузига 250 кубгача етказиб берилиши таъминланса, иккита насосда 3 атмосфера босимида сувни ҳайдаш имкони пайдо бўлади. Натижада Забардастнинг барча кўчаларига сув етиб боради. Шунинг устида иш олиб бориляпти», – деди А. Шамсихўжаев.

Ўрганишларимиз чоғида маълум бўлишича, Тошкент вилоятида ичимлик суви билан боғлиқ вазиятни яхшилаш мақсадида қабул қилинган президент қарори ижроси юзасидан ишлар давом этмоқда. Қибрай–Чиноз йўналишида жойлашган 5 туман: Қибрай, Тошкент, Зангиота, Янгийўл ва Чиноз туманларини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида махсус дастур асосида пул маблағлари ажратилган.

Қайд этиш ўринлики, Тошкент вилояти туман ва шаҳарларини сув таъминоти ва канализация тизимининг биринчи босқичи учун Осиё тараққиёт банки жамғармасидан 120 млн доллар кредит олинган. Бу борада ишлар бошлаб юборилган, 2,5 млн куб метр сувни тозалаб берадиган корхоналар фойдаланишга топширилиши арафасида.

«Бундан ташқари, Бўзсув каналидан 10 км.лик тармоқ тортиб бўлинган. Олтинтепа коллежининг ёнидаги ҳудудга 2000-3000 куб метр сиғимдаги ҳовуз барпо қилинмоқда. У келгуси йил июнь ойида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. 250-300 мм.лик қувурда сув ҳайдалса, 24 соат мобайнида аҳолига сув етказиб берилади. Аммо, ҳозирги шароитда, наилож, имконимиз йўқ. 20 йил муқаддам 10400 аҳоли бўлган бўлса, ҳозирда 34 мингдан ортиқ киши яшайди», – дейди Шамсихўжаев.

Бакиржон Бухорбоев

«Мусаффо оби ҳаёт» МЧЖнинг Олтинтепа бўлими бошлиғи Бакиржон Бухорбоевнинг сўзларига кўра, ҳар бир маҳалладаги сувга эҳтиёж босқичма-босқич кўриб чиқилмоқда.

«Бундай вазиятдан ҳокимиятнинг ҳам хабари бор. Ҳудуддаги Кўксарой, Дийдор Чиғатой маҳаллаларида ичимлик суви билан муаммо йўқ. Аммо, бир неча йиллар аввал ётқизилган қувур ҳозирги талабни қондира олмаяпти. Юқори томонда эса, 4та маҳалла мавжуд. Аммо, имкон даражасида транспорт воситасида сув етказиб берилмоқда», – дейди Бакиржон Бухорбоев.

Шу ўринда, сув чиқмаётган ҳудудлар аҳолисининг яна бир ҳақли эътирози мавжудки, 5 тонналик цистернада олиб келинган сув 100-120 минг, айрим ҳолларда 150 минг сўмгача нархда сотилмоқда. Бу ҳар бир оила бюджетидан сув учун катта маблағни ажратишни талаб қилади.

Бундан ташқари, сув ташиш билан асосан тадбиркорлар шуғулланмоқда. Майли, тадбиркорлар ҳам сув етказиб бериш билан шуғулланишсин, аммо муқобил йўл сифатида «Мусаффо оби ҳаёт» МЧЖ ёхуд «Сувсоз» ДУКнинг сув ташувчи воситалари сонини янги тармоқ ишга тушгунча кўпайтириб туриш мақсадга мувофиқ бўларди, балки.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top