Ўзбекистон | 08:03 / 03.05.2024
4967
3 дақиқада ўқилади

Амударёда сувни ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилиши кутиляпти 

Ўзбекистоннинг Туркманистонда жойлашган сув хўжалиги объектлари хатловдан ўтказилади ва «Туямўйин» гидроузелининг «Султонсанжар» тўғонида «сув филтрациясига қарши девор қуриш» лойиҳалари жадаллаштирилади.

Фото: ЎзА

Туркманистоннинг Туркманобод шаҳрида сув хўжалиги масалалари бўйича ўзбек-туркман ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтди

Тадбирга Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси Шуҳрат Ғаниев ҳамда Туркманистон вазирлар маҳкамаси раисининг агросаноат комплекси масалалари бўйича ўринбосари Тангриқули Атахаллиев бошчилик қилди. 

Томонлар Сув хўжалиги масалалари бўйича ўзбек-туркман ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг учинчи йиғилишида эришилган келишувлар ижросини муҳокама қилди. 

Ўзбекистоннинг Туркманистонда жойлашган сув хўжалиги объектларини хатловдан ўтказиш ва «Туямўйин» гидроузелининг «Султонсанжар» тўғонида «сув филтрациясига қарши девор қуриш» лойиҳаларини жадаллаштиришга келишиб олинди. 

Гидрологик йил давомида 2023 йил 1 апрелдан 2024 йил 30 мартгача Амударёнинг сувлилик даражаси таҳлил қилиниб, томонларнинг мамлакатлар иқтисодиёт тармоқларини сув билан таъминлаш бўйича кейинги ҳаракатлари кўриб чиқилди. 

Комиссия Амударёда сувни ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш муҳимлигини қайд этди. 

Томонлар халқаро молия институтларининг грант маблағларини жалб этиш орқали гидропостларда сув ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш ва гидропостларни тиклаш бўйича лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга тайёр эканликларини тасдиқлади. 

Амударё қирғоқларини мустаҳкамлаш, каналлар ўзанларини текислаш орқали сув ресурслари йўқотилишини камайтириш ва сувнинг тўсиқсиз ўтишини таъминлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. 

Шунингдек, Туркманистон давлат сув хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш институти ва Туркманистон давлат сув хўжалиги қўмитасининг «Турменсувилимтаслама» лойиҳа институти ҳамда Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлигининг Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти ўртасида онлайн учрашув ҳам бўлиб ўтди. 

Учрашувда томонлар сув тошқинларининг олдини олиш ва қирғоқларни мустаҳкамлаш чора-тадбирлари бўйича тажриба алмашди. Амударё бўйида юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарли вазиятларнинг олдини олиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида тегишли таклифлар билдирилди. Икки давлат институтларининг мутахассислари навбатдаги учрашувгача аниқ масалаларни ишлаб чиқишга келишиб олди. 

Йиғилиш якунида тегишли баённома имзоланди. Сув хўжалиги масалалари бўйича ўзбек-туркман ҳукуматлараро комиссиясининг бешинчи йиғилишини Ўзбекистонда ўтказишга келишилди.

Мавзуга оид