18:48 / 18.08.2020
6464

Туркманистонда ўқувчилардан мактабга шахсий санитария сумкалари билан келиш талаб қилинди

Туркманистоннинг Дошўғиз шаҳрида яшовчи ўқувчилар янги ўқув йилида мактабга шахсий санитария сумкалари билан келиши шарт.

Фото: turkmen.news

Turkmen.news хабарига кўра, синф раҳбарлари ва ўқитувчилар ота-оналарга қўнғироқ қилиб, сумканинг кўриниши ва ичида нималар бўлиши ҳақида маълумот беришган.

Унга кўра, матодан тикилган сумкада нам ва қуруқ салфеткалар, қўл учун антисептик, оксолин малҳами, юз учун ҳимоя ниқоби ва парта билан стулни артишга мўлжалланган дезинфекция воситаси бўлиши лозим. Ўқитувчиларнинг сўзларига кўра, санитария сумкаси йўқ бўлган ўқувчилар дарсларга киритилмайди.

Бу талаб маҳаллий халқ таълими бўлими раҳбарияти томонидан қўйилгани ёки умумдавлат миқёсида бўлгани ҳақида маълумот йўқ.

Қайд қилиш жоизки, Туркманистон ҳукумати мамлакатда коронавирус инфекциясининг тарқалганини расман тан олмаган. Июль ойида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Туркманистон ҳукуматига коронавируснинг мамлакатга кириб келганини тан олишни тавсия қилган эди. Шундан кейин маҳаллий матбуотда турли карантин чоралари жорий қилингани ҳақида хабарлар тарқала бошланди. Жумладан, «Оролбўйи ҳудудидан келган зарарли чанг-тўзон туфайли» ниқоб тақиб юриш мажбурий қилинди.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top