09:14 / 19.08.2020
6963

ЖССТда оммавий иммунитет коронавирус пандемиясини енгишда ёрдам бермаслиги айтилди

Оммавий иммунитет коронавирус пандемиясини енгишда ёрдам бермайди. Бундай фикрни ЖССТ вакили Майкл Райан Женевадаги брифингда айтиб ўтди, деб хабар берди Star Tribune нашри.   

Фото: Global Look Press

“Сайёра аҳолиси коронавирус пандемиясини енгиш имконини берадиган иммунитет даражасидан ҳали анча йироқ. Оммавий иммунитет – биз излашимиз керак бўлган ечим эмас”, деб айтган Райан.

Таъкидланишича, оммавий иммунитетга одатда эмлаш ёрдамида эришилади. Аксарият олимларнинг фикрича, инфекция тарқалиши олдини олиш учун антитаналар аҳолининг камида 70 фоизида бўлиши лозим. Бироқ баъзи мутахассисларнинг таъкидлашича, аҳолининг ярми иммунитетга эга бўлса, бу эпидемиянинг олдини олишда яхши самара бериши мумкин. Ўтказилган кўплаб тадқиқотларга кўра, айни вақтда коронавирусга қарши антитаналар фақатгина 10-20 фоиз одамлардагина бор.

Аввалроқ ЖССТ раҳбари Тедрос Аданом Гебрейесус коронавирус пандемияси ушбу инфекция одамлар орасида осон юқиши сабабли юзага келганини айтган.

Ўтган ҳафта Гебрейесус вирусдан касалланаётганлар ва вафот этаётганлар сони ошаётганига қарамай, пандемияга қарши курашда умид учқунлари кўринаётганини маълум қилган. ЖССТ раҳбарининг фикрича, пандемияга қарши самарали курашишнинг иккита элементи мавжуд: давлатлар етакчилари вирусга қарши курашда ўз ҳаракатларини фаоллаштиришлари, фуқаролар эса янги чораларни қабул қилишлари лозим.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top