Ўзбекистон | 10:06 / 16.02.2023
7600
3 дақиқада ўқилади

Ковиддан кейинги синдром бир неча ой ичида ўзини намоён қилиши мумкин — мутахассис

Касалликнинг енгил босқичида уй шароитида даволанаётганлар асоратлар пайдо бўлиши хавфига эътиборсиз қарамаслиги керак.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Замонавий тиббиёт ковид билан касалланганлар қон томирларида тромб ҳосил бўлиш хавфи юқори эканини тасдиқлаган. Бу ҳақда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори Дониёр Алимов айтиб ўтди. 

«Тромбоз тананинг бир ёки бир нечта қисми, масалан, оёқ, сон-чаноқ томирларида қон қуйқаси ҳосил бўлиши билан кечади. Улар қон оқимини қисман ёки тўлиқ тўсиб қўяди. Бу вақт ўтиши билан қатор касалликлар, ҳатто ўлимга ҳам олиб келиши мумкин.

Агар тромб узилиб, қон оқими бўйлаб бориб, ўпка артериясига тиқилиб қолса, ўпка тромбоэмболияси ривожланади. 

Оёқларда тромбоз туфайли посттромбофлебит синдроми ҳам кучайиши мумкин. Бунда беморнинг оёғида қаттиқ шиш, зичлашиш, яллиғланиш ва кейинчалик яралар пайдо бўлади.

Замонавий тиббиёт CОVID-19 билан касалланганлар қон томирларида тромб ҳосил бўлиш хавфи юқори эканини тасдиқлади. Бу — коронавируснинг энг жиддий асоратларидан бири. Мазкур ҳолат ўртача 30 фоиз беморларда учрамоқда.

Кекса ёшли, тана вазни юқори, жисмоний фаоллиги чекланган, юрак-қон томир ва онкологик хасталикларга чалинган ҳамда ўпка эмболияси ёки чуқур томир тромбозидан азият чекувчилар хавф гуруҳига мансуб аҳоли тоифасига киради.

Кузатувларимизга кўра, СOVID-19’дан кейинги синдром кўпинча касалликнинг илк белгилари пайдо бўлган пайтдан бошлаб бир ой ичида ўзини намоён қилиши мумкин. 

Ҳозир бу ҳолат шифокорларимизга яхши маълум ва шу боис тромбознинг олдини олиш учун даволаниш пайтида беморларга антикоагулянт терапия буюриляпти. 

Бироқ касалликнинг енгил босқичида уй шароитида даволанаётганлар бу асоратлар пайдо бўлиши хавфига жиддий эътибор қаратмайди. Оқибатда маълум вақт ўтгач, улар саломатлигида ўзгаришлар кузатилаётганидан шикоят қилади. 

Шу сабабли коронавирусдан тузалган беморларга вақти-вақти билан коагулограмма текширувларидан ўтиб туриш тавсия этилади. Бу орқали тромбоз хавфини самарали аниқлаш ва ўз вақтида даво чораларини кўриш мумкин.

Энг асосий тавсиямиз эса коронавирусга қарши ўз вақтида, тўлиқ босқичда ва бустер дозада эмланиш. Бу сизни нафақат касалликдан, балки унинг хавфли асоратлари, хусусан, тромбоздан асрайди.

Мавзуга оид