07:50 / 20.08.2020
36883

Тўрткўлда ички ишлар бўлимида комага тушиб, вафот этган фуқаро юзасидан расмий маълумот берилди 

Мазкур ҳолат бўйича туман прокуратураси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда Тўрткўл туманида ички ишлар бўлимида комага тушиб, вафот этган фуқаро ҳақида хабарлар тарқалди. Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ахборот хизмати ҳолат бўйича изоҳ берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 26 июль куни соат тахминан 16:30ларда Тўрткўл тумани ИИБ навбатчилик қисмига Тўрткўл тумани “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғинидаги хонадонлар бирида жанжал бўлаётган ҳақида хабар берилган.

Келиб тушган хабарга кўра, ҳудудий профилактика инспектори лейтенант М.Жуманиязов, шериги профилактика инспектори лейтенант М.Жаббарбергенов билан бирга воқеа жойига етиб боришган. 

Шу ерда яшовчи фуқаро С.И. маст ҳолда оила тинчлигини бузаётганлиги, баданида тан жароҳатлари борлиги аниқланиб, беморга тез тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилган ва мутахассислар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилган. Бирламчи ташхисга кўра, фуқаро С.И. мастлик ҳолатида эканлиги, иккала оёғининг пастки қисмида тирналган, юз қисмида шилинган жароҳатлари мавжудлиги қайд этилган. 

Шундан сўнг, ҳолатни расмийлаштириш мақсадида С.И. профилактика инспекторининг хизмат хонасига олиб келиниб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилаётган вақтда, фуқаро тоби қочганлигини маълум қилган. Чақиртирилган тез тиббий ёрдам ходимлари фуқаронинг қон босими юқори бўлганлиги сабабли, унинг турмуш ўртоғи Ч.Х.нинг кузатуви остида тиббий муолажа кўрсатиш учун туман тиббиёт бирлашмасига олиб кетишган. 

Тиббиёт бирлашмаси ходимлари томонидан фуқаро С.И. тиббий кўрикдан ўтказилиб, шу куни соат тахминан 18:30ларда уйига жавоб берилган.
Эртаси куни, яъни 27 июль куни эрталаб фуқаро С.И. ҳушига келмаганлиги сабабли унинг оила аъзолари томонидан туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилган ва ҳолат ҳақида туман ички ишлар бўлимига хабар берилган.

2020 йилнинг 11 август куни фуқаро С.И. туман тиббиёт бирлашмаси жонлантириш бўлимида тегишли муолажаларга қарамай кома ҳолатидан ўзига келмасдан вафот этган.

Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича Тўрткўл тумани прокуратураси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

“Шу ўринда ижтимоий тармоқ юритувчи ва фойдаланувчиларидан барча келиб тушаётган маълумотларни ҳаққонийлигини текшириб, сўнг жамоатчиликка етказишингизни, ёлғон маълумотларни тарқатмасликларини сўраб қоламиз”, - дейилади изоҳда.

Top