07:40 / 21.08.2020
56991

Президент Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармаси бўйича қарор имзолаши кутиляпти

Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармасининг фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга ўтказиш чора-тадбирлари қабул қилинади.

Президентнинг “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармасининг фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Белгиланишича, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармаси мустақил таркибий бўлинма ҳисобланиб, ўз ваколатлари доирасида давлат, ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа объектларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини қўриқлаш бўйича вазифа ва функцияларни, кўрсатилаётган қўриқлаш хизматлари учун келиб тушаётган маблағлар ҳисобига, ўзини маблағ билан таъминлаш, харажатларини қоплаш ва мустақил хўжалик юритиш тамойили асосида амалга оширади.

Қўриқлаш бош бошқармасининг асосий вазифалари сифатида қуйидагилар белгиланади:

қўриқлаш фаолияти соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш;

давлат, ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа объектларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини қўриқлаш;

техник қўриқлаш воситаларини қўллаш ва объектлар хавфсизлигини таъминлаш тизимига замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини жорий этиш соҳасида ягона техник сиёсатни амалга ошириш;

оммавий тадбирлар ва аҳоли гавжум жойларда жамоат хавфсизлигини таъминлашда иштирок этиш ва бунда ҳуқуқ-тартибот органларига кўмаклашиш;

юридик шахсларга тегишли идоравий қўриқлаш бўлинмаларида инспекторлик текширувлари ўтказиш (ҳуқуқ-тартибот органлари ва ҳарбийлаштирилган тузилмалардан ташқари), объектларда ички, рухсат бериш режимларига риоя этилишига доир тадбирларни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш.

Top