13:57 / 24.08.2020
48793

Самарқандда хотинини аёвсиз калтаклаган эр қўлга олинди: аёл муттасил калтакланган бўлиши мумкин

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда самарқандлик аёл турмуш ўртоғи томонидан шафқатсиз калтаклангани акс этган видео тарқалган эди. Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармаси зўравон эр қўлга олинганини маълум қилди.

Фото: ИИБ ахборот хизмати

ИИБ томонидан берилган расмий хабарда Самарқанд шаҳар Термиз кўчасида яшовчи 1995 йилда туғилган М. оилавий келишмовчиликлари сабабли турмуш ўртоғи — 1985 йилда туғилган Ш. томонидан қийноққа солиниб, калтаклаб келингани айтилган.

«Жорий йилнинг 20 август куни М.нинг турмуш ўртоғи Ш. сабабсиз, турли баҳоналар билан яшаётган уйида уни аёвсиз уриб, оёқлари билан турли жойларига тепиб, тан жароҳати етказган.

«Ҳозирда М. ва унинг икки нафар фарзанди Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ томонидан ҳимояга олиниб, ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси Хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлари томонидан ҳимоя ордери берилиб, малакали психологларни жалб қилган ҳолда фарзандлари ва ўзига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда.

Унинг турмуш ўртоғи Ш.га нисбатан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 105-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади хабарда.

Kun.uz суҳбатлашган ИИБ вакилининг маълум қилишича, калтакланиш ҳолатлари оиланинг уйидаги камерада ёзилган. Жабрланган аёл амаллаб видеоёзувларни кўчириб олгач, тасвирлар тарқалиб кетган. Аслида, аёлнинг уйда эри томонидан шафқатсиз калтакланиши анчадан буён такрорланиб турган.

Мазкур видеотасвирлар 22 август куни тарқалган. 23 август куни ИИБ ходимлари оила яшайдиган хонадонга боришганида аёл оғир руҳий тушкунликда бўлган.

Унинг турмуш ўртоғи эса тасвирлар интернетда тарқалгач, қочиб кетган. 23 август куни кечқурун ИИБ ходимлари маълумот асосида Тошкентга келиб, аёлнинг турмуш ўртоғини қўлга олишган ва 24 август куни у Самарқандга олиб кетилган.

Калтакланган аёлнинг танасидаги жароҳатлар (масалан, қўлидаги гипс) ҳам видеотасвирлардаги воқеа яқин орада содир бўлганини англатади. Тергов жараёнида қолган тафсилотлар аниқланиши кутилмоқда. Аёл эса чуқур руҳий тушкунликда бўлгани учун ҳозирча батафсил мулоқот қийин бўлгани айтилмоқда.

Top