13:53 / 26.08.2020
15037

Бухорода карантин қоидаларини бузиб, 150 кишилик тўй қилган фуқарога 4 млн 460 минг сўм жарима белгиланди

Бухоро вилоятининг Олот туманида қиз узатди тўй маросими карантин қоидаларига зид равишда ўтказилганлиги аниқланди. 

Фото: doca-tours.com

Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, карантин қоидалари юмшатилиши билан тўй ва маросимларга рухсат этилган. Бунда меҳмонлар сони 30 нафардан ошмаслиги ва маросимлар хонадонларда ўтказилиши қатъий белгилаб қўйилган.

Маълум бўлишича, Бухоро вилояти Олот тумани ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси инспекторлари томонидан ўрганишлар жараёнида тумандаги хонадонларнинг бирида қиз узатди тўй маросимида 150 киши иштирок этгани аниқланган.

Олот тумани ИИБ профилактика инспекторининг айтишича, бу билан фуқаро амалдаги карантин талабларини бузиб, касалликнинг аҳоли орасида тарқалишига шароит яратиб берган.

«Эрталаб оила бошлиқларидан тўйни карантин нормаларига монанд ўтказиш бўйича тилхат олинган. Кечки пайт бориб текширганимизда тўйхонада 150 нафардан ортиқ фуқаро бўлганлиги сабабли маъмурий баённома тузилди», – деди инспектор.

Ҳуқуқбузар фуқарога нисбатан «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги қонуннинг аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги қонун 39-моддаси – ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик моддаси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси – эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш моддаси иккинчи қисмига асосан баённома расмийлаштирилиб, унга шу модда билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари яъни 4 миллион 460 минг сўм жарима жазоси тайинланган.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top