11:47 / 27.08.2020
6295

Дунё аҳолисининг 71 фоизи коронавирусга қарши эмланишга тайёрлиги маълум бўлди 

20 та давлатда ўтказилган сўровномага кўра, респондентларнинг 71,5 фоизи ихтиёрий равишда коронавирусга қарши эмланишга рози. Бундай натижалар Барселонадаги жаҳон соғлиқни сақлаш институти профессори Жеффри Лазарус раҳбарлигида ўтказилган сўровнома давомида олинган.  

Фото: EPA

Америкалик ва испаниялик социологлар бу мақсадда жами 13,5 минг кишининг фикрини ўрганишган.

Шу билан бирга, сўралганлардан 61,4 фоизи иш берувчиси тавсиясига кўра коронавирусга қарши эмланишга тайёрлигини билдирган. 
 
Хитой, Бразилия ва Жанубий Кореядаги респондентларнинг 80 фоиздан кўпроғи, Польша ва Францияда 60 фоиздан камроғи, Россияда эса 55 фоизи эмлашни қўллаб-қувватлаган. 
 
“Биз ўтказган сўровнома сайёрамизнинг ҳамма аҳолиси ҳам коронавирусга қарши эмланишга тайёрмаслигини кўрсатмоқда. Бу хавотирли ҳолатдир, у пандемиянинг барча оқибатларини тўлиқ бартараф этиш турли давлатларда эмлаш даражасининг нотекислиги сабабли чўзилиб кетиши мумкинлигини кўрсатади”, дейилган тадқиқотда.

Олимларнинг таъкидлашича, оммавий иммунитетга одатда эмлаш ёрдамида эришилади. Аксарият олимларнинг фикрича, инфекция тарқалиши олдини олиш учун антитаналар аҳолининг камида 70 фоизида бўлиши лозим.

Top