12:28 / 27.08.2020
6230

Марказий Осиё мамлакатлари XXI асрда ҳамкорлик тўғрисида ҳужжат тайёрламоқда - Абдулазиз Комилов 

Ҳозирги вақтда Марказий Осиё мамлакатлари XXI асрда минтақани ривожлантириш мақсадида дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги беш томонлама давлатлараро ҳужжатни биргаликда тайёрламоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов «Янги Ўзбекистон» мухбири билан суҳбатда айтиб ўтди.

У сўнгги йилларда Ўзбекистон ташқи сиёсатининг энг муҳим йўналишларида қандай ишлар амалга оширилгани тўғрисида сўзлаб берди.

«Кўп ишлар қилинди ва Ўзбекистон раҳбарияти ташқи сиёсатнинг белгиланган устувор йўналишларини самарали амалга оширишга катта аҳамият бермоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг энг муҳим халқаро ташаббусларидан бири - БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида биринчи марта эълон қилинган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувларини ўтказиш тўғрисидаги таклиф амалга ошди. Ушбу ташаббус халқаро миқёсда кенг тан олинди ва минтақа давлатларининг барча раҳбарлари томонидан қўллаб-қувватланди.

Ана шундай шаклдаги биринчи учрашув 2018 йил Остона шаҳрида бўлиб ўтди. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Иккинчи маслаҳат саммити эса 2019 йил 29 ноябрь куни Тошкент шаҳрида ўтказилди.

Ушбу тадбирнинг якунлари бўйича Маслаҳат учрашуви қатнашчиларининг тарихий аҳамиятга эга бўлган Қўшма баёноти қабул қилинди. Унда алоҳида таъкидланганидек: «Марказий Осиёда минтақавий яқинлашувнинг ҳозирги тенденцияси – тарихий воқелик. Сиёсат, хавфсизлик, барқарорликни сақлаш ва тараққиёт соҳаларида минтақавий ҳамкорликни фаоллаштириш қўшни мамлакатлар халқларининг туб манфаатларига жавоб беради, улар ўртасидаги биродарлик ришталарининг янада мустаҳкамланиши, Марказий Осиёнинг улкан иқтисодий ва цивилизацион салоҳиятини тўлиқ амалга оширишга хизмат қилади».

Ҳозирги вақтда минтақа мамлакатлари XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш мақсадида дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги беш томонлама давлатлараро ҳужжатни биргаликда тайёрламоқда», - деди Абдулазиз Комилов.

Top