12:33 / 27.08.2020
4604

Ўзбекистон тараққиётнинг тарихий ва ҳал этувчи босқичидан ўтиб бормоқда - ТИВ раҳбари

Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ислоҳотларнинг мисли кўрилмаган кенг кўламли дастури амалга оширилмоқда. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов «Янги Ўзбекистон» мухбири билан суҳбатда айтиб ўтди.

Фото: РИА Новости

Унинг билдиришича, давлат ташқи сиёсатининг замонавий устувор йўналишлари ҳақида гапирганда, Ўзбекистоннинг етакчи хорижий давлатлар ва нуфузли халқаро ташкилотлар билан стратегик алоқаларининг ривожланиб бораётганига алоҳида эътибор қаратиш лозим.

«Ўзбекистон тараққиётнинг тарихий ва ҳал этувчи босқичидан ўтиб бормоқда. Мамлакатда ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ислоҳотларнинг мисли кўрилмаган кенг кўламли дастури амалга оширилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг 2035 йилга келиб дунёнинг 50 та иқтисодий ривожланган мамлакатлари қаторига киришига хизмат қилади.

Ушбу мақсадга фақат жаҳон иқтисодий ва молиявий тизимига муваффақиятли ва изчил интеграциялашув орқали эришиш мумкин.

Ўзбекистон учун дунёнинг Россия, АҚШ ва Хитой каби етакчи давлатлари, Осиё-Тинч океани минтақасидаги ривожланган мамлакатлар, хусусан, Корея Республикаси ва Япония, Европа мамлакатлари ва Европа Иттифоқи, араб-мусулмон ҳамда туркий тилли давлатлар билан ўзаро манфаатли, самарали ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади.

Албатта, қайд этилган устувор йўналишлар тартибига муайян тузатишлар киритиш мумкин. Ташқи сиёсат нафақат пухта ўйланган, вазмин, балки бир вақтнинг ўзида илдам ва қулай бўлиши ҳамда ҳозирги тез ўзгарувчан, дунёда юзага келишини олдиндан айтиб бўлмайдиган янги муаммо ва таҳликаларга ўз вақтида ва муносиб жавоб бериши керак», - деди Абдулазиз Комилов.

Top