Ўзбекистон | 21:00 / 20.04.2024
26022
13 дақиқада ўқилади

37 миллионлик марра, янги тарифлар ва НАТО машғулотлари — ҳафта дайжести

Ўзбекистоннинг ташқи дунёдаги иттифоқчилари сони 3 тага, стратегик шериклари 15 тага етди. Аҳолимиз сони эса 37 миллиондан ошди. НАТО ҳарбийлари Тошкентда ўтказган семинар Москванинг эътиборини тортди. Лифт импорти тўхтатиб қўйилгани айтилмоқда. Ортда қолаётган ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим хабарлари – Kun.uz дайжестида.

Ўзбекистонликлар сони 37 миллиондан ошмоқда

Шу кунларда аҳолимиз сони 37 миллионга етиб қолди. Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 20 апрел ҳолатига Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 36 млн 997 минг кишига етган. Аҳоли сони кунига ўртача 1800 кишига ошяпти, бундан келиб чиқилса, 37 миллионлик янги маррани якшанба ёки душанба куни забт этамиз.

Маълумот учун, 41 миллионлик аҳолиси бўлган Украинада уруш бошланиб, 6,5 миллион киши мамлакатни тарк этгач, Ўзбекистон постсовет ҳудудида аҳоли сони бўйича иккинчи энг йирик давлатга айланган. Халқаро валюта жамғармасининг тахминларига кўра, Украинанинг нуфуси кейинги 5 йил ичида узоғи 36 миллионгача ошиши мумкин. Бу эса Ўзбекистон ҳали узоқ йиллар постсовет маконида иккинчи энг кўп аҳолига эга давлат бўлиб қолишини англатади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий тадқиқотлар институти прогнозига кўра, мамлакатимиз аҳолиси 2030 йилга бориб 41 миллион кишидан ошиши мумкин. Эслатиб ўтамиз, 2025-2026 йилларда аҳолини рўйхатга олиш тадбирлари ўтказилиши режа қилинган. Бу мустақиллик йилларидаги биринчи умуммиллий демографик тадқиқот бўлади.

Энергетика: 1 майдан янги тарифларга ўтилади

Аҳоли учун салкам 5 йилдан бери ўзгармай келган газ-свет тарифлари, кутилганидек, 1 майдан бошлаб ошадиган бўлди. Шу санадан эътиборан хонадонлар учун ижтимоий норма жорий этилиб, дифференциал тарифларга ўтилади. Бу борада 15 апрел куни Вазирлар Маҳкамасининг қарори эълон қилинди.

Қарорга кўра, ижтимоий норма электр энергияси учун ойига 200 kWh деб белгиланди. Бу норма бутун республика ҳудудида ва йилнинг барча ойларида бирдек амал қилади. Табиий газ бўйича базавий норма эса йилнинг аксарият қисмида 100 кубометргача, ноябр, декабр, январ, феврал ойларида эса 500 кубометргача деб белгиланди. Қорақалпоғистон ва Хоразмдаги табиий иқлим шароитларини инобатга олган ҳолда, бу ҳудудлар учун 500 кубометрлик норма октябр ойига ҳам тегишли бўлади.

Дифференциал тарифларга ўтилиши билан, анча кўп электр ва газ сарфлайдиган бадавлат қатламнинг харажатларини бюджетдан субсидиялаш қисқаради. Шу тариқа, юқори даражадаги субсидиялаш, дунёнинг кўплаб давлатларида бўлгани каби, фақат базавий норма доирасидаги истеъмолга тааллуқли бўлади. Расмийларга кўра, аҳолининг 60 фоиздан ошиқ қисми ўз хонадонида белгиланган нормадан ошмаган миқдорда электр ва газ сарфлайди.

1 майдан кучга кираётган дифференциал тарифлар билан ушбу инфографикалар орқали танишишингиз мумкин (кейинги йилги нархлар эса бу ерда):

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги изоҳига кўра, свет ва газ учун мос равишда 295 сўм ва 380 сўмлик нархлар амал қилиб келган 2019 йилнинг августидан бери ўтган даврдаги инфляция 66 фоизга етган. Ҳозирда электр энергиясининг таннархи қарийб 1000 сўмни, табиий газ таннархи эса 2000 сўмни ташкил этяпти, деди вазирликда масъул департамент директори Хуршид Мустафоев.

Ҳужжат билан 2025 йил 1 апрелдан бошлаб кучга кирадиган тарифлар ҳам тасдиқланди. Кейинги йилги нарх ўзгаришлари маиший истеъмолчилардан ташқари, аксарият юридик шахсларга ҳам тааллуқли бўлади. 2024 йил 1 июлдан бошлаб юридик шахслар учун газ ва электр бўйича 100 фоиз олдиндан тўлов тизими қайта тикланади. Метан-шохобчаларга етказиб бериладиган табиий газ нархи 1 июндан бошлаб 1800 сўм, 2025 йил 1 апрелдан бошлаб 2500 сўмни ташкил этади. Бундан ташқари, кўмир нархларини давлат томонидан тартибга солишни бекор қилиш ҳам кўзда тутилган.

Қарорда бу ўзгаришлар муносабати билан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш чоралари ҳам белгиланган. Унга кўра, ҳозирда 621 минг сўмни ташкил этувчи минимал истеъмол харажатлари миқдори шу йил 1 майгача қайтадан ҳисобланиб, пенсия ва нафақаларнинг энг кам миқдорлари оширилади. Ноябр ойида кам таъминланган оилаларга 270 минг сўмдан бир марталик ёрдам пули берилади. Эҳтиёжманд қатламнинг ижтимоий нормадан ортиқ фойдаланилган газ-свет бўйича харажатларининг бир қисми қоплаб берилади.

Янгиликка муносабат билдирган “Юксалиш” ҳаракати раиси, депутат Бобур Бекмуродов масъулларни газлаштирилмаган ҳудудлардаги шароитларни инобатга олишга чақирди. Чунки бу ҳудудларда иситиш учун кўпинча электр печка ва кондиционерлардан фойдаланилади, натижада ойлик истеъмол 200 kWh'дан анча кўпроқ бўлади. Депутат, шунингдек, давлат бюджетидан энергетикага берилаётган пуллар шаффоф бўлиши кераклиги, тармоқдаги электр кучланиши ўзгариши сабаб маиший техникаларига зарар етган ҳолатда истеъмолчиларга компенсация тўланиши зарурлигини таъкидлади. Бундан ташқари, Бобур Бекмуродов хориж тажрибасини эслатиб, аномал об-ҳаво шароитларида белгиланган ижтимоий нормани оширишни ҳам таклиф қилди.

Иқтисодчи Отабек Бакиров эса бошқа бир масалага эътибор қаратди. 15 апрел кунги қарорда ёзилишича, ундан кўзланган мақсадлардан бири – энергия тежовчи технологияларни кенг жорий этилишини рағбатлантириш. Шундан келиб чиқиб, Отабек Бакиров электр жиҳозлари ва маиший техникалар импортига жорий этилган божлар ва турли нотариф чекловларни бекор қилишга чақирди. “Ҳукумат қарорлари узвий бўлиши керак. Энергетикада бозорга ўтишга қарор қилиндими, истеъмолчиларнинг танловида ҳам эркин бозорга таяниш керак”, – деди у.

Бакиров ошиб бораётган таннархни камайтириш учун нима ишлар қилинади, деган саволни ҳам ўртага ташлади. Таъкидлаш керак, аввалроқ Kun.uz суҳбатлашган Германиядаги энергетика соҳаси мутахассиси Равшан Хўжанов мутасаддиларни электр энергияси ишлаб чиқаришдаги харажатлар ва таннарх шаклланиши занжирини очиқлашга чақирган эди. “Аҳолига бу нарсани тўғри етказиб бериш учун, электр энергиясининг “A”дан “Z”гача бўлган занжирдаги барча харажатлари кўрсатилиши керак”, – деганди соҳа эксперти.

Тожикистон – иттифоқчи, Қатар – стратегик шерик

Марказий Осиёда дўстона муҳитни мустаҳкамлаш йўлида яна бир муҳим қадам ташланди. 18 апрел куни президент Шавкат Мирзиёевнинг Душанбега ташрифи вақтида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида иттифоқчилик муносабатларини ўрнатиш ҳақидаги шартнома имзоланди. Бу – 2018 йилда имзоланган стратегик шериклик тўғрисида битимдан кейинги босқич бўлди. “Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши биродар халқларимизнинг туб манфаатларига тўлиқ мос келади”, деди Шавкат Мирзиёев.

Иттифоқчилик муносабатлари – давлатлар ўртасидаги яқинликнинг энг юқори даражаси ҳисобланади. Ўзбекистон бунгача 2005 йилда Россия билан, 2021 йилда эса Қозоғистон билан иттифоқдош давлатга айланган. Қўшимча қилиб ўтамиз, Марказий Осиё президентларининг навбатдаги маслаҳат учрашуви бу йил Қозоғистонда бўлиб ўтиши кутиляпти.

Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи вақтида ўзаро товар айирбошлашни амалдаги 750 млн доллардан 2 миллиард долларга етказишга келишиб олинди. Бунинг учун чегараолди савдо зоналари ишга туширилади. Ўзбек-Тожик инвестиция компанияси умумий қиймати 135 млн долларлик 14 та лойиҳани амалга ошириши кутиляпти.

Бу ҳафта Ўзбекистоннинг иттифоқчилари учтага етган бўлса, стратегик шериклари сони 15 тага етди. 15 апрел куни Тошкентда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва Қатар бош вазири, ташқи ишлар вазири Муҳаммад бин Абдураҳмон Ол Соний Ўзбекистон ва Қатар ўртасида стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги битимни имзолади. Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Қатар Тошкентда, Ўзбекистон эса Доҳада элчихона очган, икки давлат ўзаро визасиз режимни жорий этганди. Бу ҳафта Қатар делегацияси Ўзбекистонга Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши мажлиси учун келганди.

Икки бола серияли қоидабузарнинг қурбони бўлди

Ҳайдовчилар учун жарима баллари тизимини амалга киритиш кечикаётгани фонида, ашаддий қоидабузарлар йўлларда одам ўлдиришда давом этяпти. Душанба куни Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида мактабга йўлга чиққан 5- ва 7-синфда ўқийдиган икки бола уйига қайтмади – охирги 5 ойда 11 марта тезлик қоидаларини бузган ҳайдовчи уларнинг ҳаётига зомин бўлди.

26 ёшли учар шофёр ўзининг қора Gentra'сида ёмғирли ҳавога қарамай аҳоли яшаш пунктида тезликни оширган, шу аснода бошқарувни йўқотиб, йўл четидан кетаётган икки ўқувчини босиб кетган.

“100 тезликда келаётгандим. Шу ҳолатда болаларни уриб кетдим. Шуни биламан, бўлди, қолганини билмайман. Аҳоли яшаш ҳудуди, тезлик чекланган йўл белгисини кўрдим... Бунақа бўлишини билмагандим”, – деди у ЙПХ ходими билан суҳбатда.

Маълум бўлишича, Бахмал туманида яшовчи ҳайдовчи декабр ойидан бери 11 марта тезликни оширгани учун маъмурий жаримага тортилган. Лекин охир-оқибат ҳайдовчини тия олмаган шунча чоранинг аҳамияти бир тийинга қиммат бўлиб чиққан. Жиноятдан кейин ҳайдовчи қамоққа олинди.

Коррупцияга қарши кураш тадбирлари

Коррупцияга қўл урганлар яна давлат лавозимига тайинланиб, яна коррупцияга қўл уриши ҳолатлари давом этяпти. Куни кеча Қашқадарё вилояти Кўкдала тумани ҳокими ўринбосари 5 минг доллар сўраб, шундан бир қисмини олаётган вақтида қўлга тушди. Маълум қилинишича, у муқаддам ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш моддаси билан судланиб чиққан.

Худди шундай, муқаддам судланганига қарамай Андижон вилояти транспорт бошқармаси бошлиғи лавозимини эгаллаб келган шахс ҳам коррупцион жиноят иши доирасида қўлга олинди. У тендерда ғолибликни олиб бериш учун бошқа шахслар ўртасида рўй берган 7500 долларлик олди-бердига алоқадорликда гумонланяпти.

Навоийда эса Савдо-саноат палатасининг вилоят бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланганига эндигина бир ой бўлган Мерей Омонбоева устидан жиноят иши қўзғатилди. У фирибгарлик ва пора беришда гумон қилиняпти. Савдо-саноат палатасининг 19 апрелдаги хабарига кўра, Омонбоева ўз лавозимидаги фаолиятини давом эттиряпти, уни ишдан четлаштириш бўйича ҳуқуқ органларидан талабнома келиб тушмаган. Маълумот учун, Зулфия мукофоти совриндори ўтган ойдаги тайинловга қадар Навоий шаҳри Зарафшон маҳалласида ҳоким ёрдамчиси бўлиб ишлаган.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

НАТО ходимлари Ўзбекистон Қуролли кучлари курсантлари учун ўқув машғулотлари ўтказмоқда. Улар ўзбекистонлик ҳарбийларга Шимолий Атлантика алянсига аъзо давлатларда сержантлар қандай тайёрланиши ҳақида курс ўтишяпти. Ўз навбатида бу машғулотлар Россиянинг эътиборидан четда қолмади. “НАТОнинг ҳамкорлик қилиш истаги Ўзбекистонга фойда келтирмайди”, – деди РФ Ташқи ишлар вазирлиги сўзчиси Мария Захарова. Маълумот учун, Ўзбекистон 1995 йилда НАТОнинг “Тинчлик йўлида ҳамкорлик” номли дастурига қўшилган, муносабатлар 2005 йилдан кейин анча совуқлашган эди.

Тошкентда дарахткесарлар навбатдаги варварларча ҳуқуқбузарликни содир этди. Юнусобод 8-мавзеда ниқобдаги шахслар давлат рақами тақилмаган экскаватор билан келиб, битта кўп йиллик сафора дарахтини қўпориб кетди. Бош прокуратура уларнинг шахси аниқланганини маълум қилган бўлса-да, уларнинг кимлигини ҳам, қанақа чора қўлланганини ҳам очиқламади. Бу ерда қурилишни қилишни режалаштирган тадбиркорнинг ҳаракатларига ҳам баҳо берилиши айтиляпти. Шаҳар экология бошқармасига кўра, қўпорилган дарахт агротехник тадбирлар билан ўз ўрнига қайта экилган.

Россияда қаровсиз қолган 17 нафар ўзбекистонлик бола Ўзбекистонга қайтарилди. Улар яқин қариндошларига ёки махсус болалар муассасаларига топширилади. Айни пайтда, мактаб ўқувчиларининг хорижга вақтинча чиқиш тартибини ўзгартириш ҳақидаги ҳужжат лойиҳаси муҳокама қилинмоқда. Лойиҳа қабул қилинса, ота-оналар мактабда ўқийдиган фарзандини хорижга олиб чиқиш учун мактаб директорининг розилигини олиши керак бўлади.

Ўзбекистонда “Rinotin kids” номли биологик фаол қўшимчага берилган рухсатнома бекор қилинди. Италияда ишлаб чиқарилган бу маҳсулот дистрибюторига уни дорихоналардан қайтариб олиш топшириғи берилган. Интернетда тарқалган суратларда сироп ичидан моғорлаганини кўриш мумкин. Импортёр тадбиркорнинг изоҳлашича, маҳсулотнинг 2021 йилдаги партияларидан бирини олиб келишда рефрижератордаги техник носозлик сабабли товарга шикаст етган. Санэпидқўмнинг маълум қилишича, “Rinotin kids”ни сотиб олганлар ишлаб чиқарувчи билан боғланиб, пулларини қайтариб олишлари мумкин.

Ўзбекистонга лифт импорти тўхтаб қолгани маълум бўлди. Kun.uz'га мурожаат қилган импортёрларнинг сўзларига кўра, 20 мартдан бошлаб улар хориждан олиб келган лифтлар божхонадан ўтказилмаяпти. Бунга сабаб – уларга 3 йилга берилган мувофиқлик сертификатлари кутилмаганда, 1 йил ўтмай бекор қилинган. Аввалроқ маҳаллий лифт ишлаб чиқарувчи корхона – “Технопарк” МЧЖ электротехника соҳасидаги йирик компаниялар гуруҳига ишончли бошқарувга берилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Мавзуга оид