19:00 / 28.08.2020
6725

Маҳалла институти: сўнгги йилларда нималар ўзгарди?

Маҳалла институтлари фаолиятида қатор ўзгаришлар кузатилмоқда. Айниқса карантин даврида ҳукумат ва аҳоли ўртасидаги муносабатларни тартибга солиб туришда маҳалла институтларининг аҳамияти янада ошиб кетди. Ҳукумат томонидан аҳолига кўрсатилаётган моддий ёрдамларни ўз вақтида, адолатли тақсимлаш, аҳолига зарур кўрсатмаларни етказиш ва уларнинг ўрнатилган чекловларга амал қилишини таъминлашда ҳам маҳаллалар муҳим рол ўйнади.

Фото: ЎзА

Уларнинг кутилганидек самара беришига тўсиқ бўлаётган муаммо ва камчиликлар йўқ эмас, албатта. Шуни таъкидлаган ҳолда, қуйида сўнгги йилларда маҳалла институтлари фаолиятини янада такомиллаштириш борасида нималар қилинганини санаб ўтамиз.

Соҳага оид 42 та қонун ҳужжати, жумладан, 4 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та фармон ва қарори, ҳукуматнинг 33 та қарори қабул қилинди, 50 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар такомиллаштирилди.

Бундан ташқари, маҳаллаларда қатор институционал ўзгаришлар ҳам амалга оширилди. Булар:

– оила, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш, фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорлик ўрнатиш бўйича ваколатли давлат бошқаруви органи – Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди;

– «Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институти ташкил этилди;

– аҳоли мурожаатлари ва муаммоларини аниқлаш ҳамда ҳал этишда «Маҳалла – сектор – халқ қабулхонаси – маҳалла» принципи асосида ҳамкорлик тизими жорий этилди;

– «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойилига асосланган янги тизим жорий этилди;

– маҳаллаларда ҳуқуқ-тартибот, оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий ҳамда ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик бўйича 3 нафар маҳалла раисининг ўринбосари лавозими жорий этилди;

– ёшлар ҳамда кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича жамоатчилик асосида фаолият юритадиган маҳалла раисининг 2 нафар маслаҳатчиси лавозимлари киритилди;

– маҳаллаларда оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва жамоатчилик назорати бўйича комиссиялар, «Кексалар маслаҳати» гуруҳлари, «Бувижонлар мактаби» кенгашлари ва «Ота-оналар университети» жамоатчилик тузилмаси ташкил этилди.

Шунингдек, «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойилига асосланган янги тизим доирасида:

– маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган «Ҳаракатлар формуласи» ишлаб чиқилди ва жорий этилди;

– профилактика инспекторларининг маҳалла аҳолисига ойма-ой ҳисобот бериш тизими йўлга қўйилди;

– профилактика инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари, хотин-қизлар билан ишлаш масалалари бўйича инспектор лавозимлари жорий этилди;

– ҳафтанинг ҳар пайшанба куни «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни» этиб белгиланди;

– 8 233 та маҳаллада Жамоатчилик назорати масканлари ташкил этилди;

– маҳалла фаоллари томонидан ажрим ёқасига келиб қолган 21 мингдан ортиқ оилалар яраштирилди;

– маҳаллаларда жиноятлар сони камайишига эришилди. Жумладан, 2016 йилда жиноят содир этилмаган маҳаллалар сони 9,5 фоизни (853 та) ташкил этган бўлса, 2019 йилда 33,7 фоизни (3 074 та) ташкил қилди. 2020 йилнинг 5 ойи давомида 69,9 фоиз (6 393) маҳаллаларда жиноят содир этилмади.

Маҳалларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича ҳам қатор ишлар қилинди, жумладан:

– 730 та маҳалла идораси янгидан қурилди, 2 343 таси реконструкция қилинди ва таъмирланди;

– 4 178 та маҳалла биноларида кутубхоналар ташкил этилди;

– 102 та туман ва шаҳар марказида «Маҳалла маркази» мажмуалари барпо этилди;

– 2 078 та маҳалла мебель жиҳозлари, 1 249 таси компьютер, 2 965 таси телефон алоқаси билан таъминланди, 1 293 таси интернет тармоғига уланди;

– фуқаролар йиғинларига Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ресурсларидан онлайн фойдаланиш имконияти яратилди;

– маҳаллаларда 1 300 дан ортиқ ижодий тўгараклар фаолияти йўлга қўйилди.

Тизимда меҳнат қилаётган ходимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар ҳам белгиланган.

Ҳусусан, маҳалла институти ходимларининг ойлик маошлари 3 бараварга оширилди, «Маҳалла ифтихори» кўкрак нишони таъсис этилиб, бугунгача 632 нафар фаоллар мазкур нишон билан тақдирланди. 22 март куни эса «Маҳалла ходимлари куни» сифатида белгиланди.

Маҳаллаларга берилаётган эътибор, тизимга оид конун ва қонуности ҳужжатлари уларнинг масъулиятини оширади. Ҳақиқатан ҳам, ҳозир аксарият маҳаллаларда ҳар қачонгидан кўра самарали фаолият олиб бориш учун барча зарур шароитлар бор.

Охирги вақтларда ОАВ ва ижтимоий тармоқларда маҳаллалар фаолиятидан норози бўлаётганлар, тизимдаги адолатсизлик ва таъмагирликлар ҳақидаги хабарлар учраб турибди. Айниқса, карантин даврида ижтимоий ёрдам пулларини тақсимлашда маҳаллалардан норозилик кайфияти янада кучайди. Бу, ўз навбатида, вазифасини виждонан бажариб келаётган маҳаллаларга бўлган ишончга ҳам путур етказди.

Ўзини-ўзи бошқариш органлари бу каби ҳолатлардан тўғри хулоса чиқариб, хатоларни камайтириши, ўз ваколатлари доирасида аҳоли манфаати учун хизмат қилиши, бир сўз билан айтганда, давлат ва жамият ўртасидаги кўприкка айланиши лозим.

Зиёдбек Исмаилов

Мавзуга оид
Top