15:37 / 29.08.2020
15257

«Ўзбекнефтгаз» Муборак газни қайта ишлаш заводида янги пропан-бутан ажратиб олиш қурилмасини ишга туширди

«Ўзбекнефтгаз» томонидан Муборак газни қайта ишлаш заводида пропан-бутан ажратиб олиш қурилмасининг 1-, 2-, 3-тармоғи модернизация қилинди, 4-тармоғи янгитдан қурилиб, ишга туширилди. Эндиликда ушбу қурилма пропан-бутан аралашмасини қайта ишлаб, йилига кўшимча 62 минг тонна суюлтирилган газ ва 22,5 минг тонна газ конденсатини ишлаб чиқариш қувватига эга бўлди.

Ўзбекистон иқтисодиётида муҳим ўринга эга бўлган нефть-газ тармоғида бугун соҳа фаолиятини замон талаби даражасида ташкил этиш учун бир қатор инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.

«Аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини янада кўпайтириш мақсадида 2017-2020 йилларда амалга оширишга мўлжалланган Муборак газни қайта ишлаш заводида пропан-бутан аралашмасини олиш қурилмасининг 1-, 2-, 3- тармоқларини модернизация қилиш, 4-тармоқни қуриш» инвестиция лойиҳаси шулар жумласидандир.

28 август куни Муборак газни қайта ишлаш заводида ана шу лойиҳани ишга тушириш маросими бўлиб ўтди.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Алишер Султонов, Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаев, «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев, Муборак газни қайта ишлаш заводи директори Шермат Шамсиев ва тизимда фаолият олиб бораётган бир қатор ходимлар қатнашди.

Энергетика вазири Алишер Султонов маросимни очиб берар экан, соҳада меҳнат қилаётган ходимларнинг заҳматли меҳнатларини эътироф этди ва барчани янги қурилманинг ишга туширилгани билан қутлади.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев охирги йилларда мамлакат президенти ва ҳукумати томонидан нефть-газ соҳасини ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётгани ҳамда бу ўз навбатида соҳада меҳнат қилаётганларга катта масъулият юклаётганини таъкидлаб ўтди.

– Бугун Муборак газни қайта ишлаш заводида амалга оширилган модернизация ишларининг якунланишини ислоҳотлар ижроси дейиш мумкин. Биз ҳатто пандемия даврида ҳам карантин қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда ишлашда давом этдик. Мақсадимиз, бошлаган ушбу ишни тезроқ якунлаб халқимиз олдида юзимиз ёруғ бўлиши эди. Бу лойиҳада бизга россиялик ва украиналик мутахассислар ҳам онлайн тарзда ўз тавсиялари билан амалий кўмак берди. Модернизация ишларида маҳаллий мутахассислар меҳнати беқиёс бўлди. Бугунги мураккаб пандемия ҳолати бизни мустақил ишлашга ўргатди. Мамлакатимизда пандемия шароитига қарамай, ушбу вазифани ўз вақтида амалга ошириш мақсадида барча кучлар сафарбар қилинди, ҳатто карантин пайтида қурилиш ишлари тўхтатилмади, – дея алоҳида таъкидлади Меҳриддин Абдуллаев.

Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 75 миллион долларни ташкил этади. Ушбу лойиҳани ишга тушириш натижасида Муборак газни қайта ишлаш заводи йилига кўшимча 62 минг тонна суюлтирилган газ ва 22,5 минг тонна газ конденсатини ишлаб чиқариш қувватига эга бўлди. Шунингдек, айни пайтда 100 та янги иш ўринлари яратилди.

Мазкур лойиҳада бажарилган қурилиш ишлари маҳаллий «Нефтегазмонтаж» корхонаси томонидан амалга оширилиб, технологик ускуналар Германиянинг «Линде», «Гросман», Украинанинг «Сумск», «Мотор Сич», «Турбогаз» заводлари, шунингдек махаллий компаниялар – «Ўзбекхиммаш«, «Тошкент труба заводи», «Узпромарм» ва бошқа корхоналар томонидан етказиб берилди.

Лойиҳанинг очилиш маросимида уни амалга оширишда фаол хизмат кўрсатган ходимлар муносиб тақдирланди. Жумладан, икки нафар ходимга «Спарк» автомобили, яна қатор ходимларга музлаткич ва телевизор каби қимматбаҳо совғалар топширилди.

Маълумот учун: Муборак газни қайта ишлаш заводини қуриш 1967 йилда бошланган бўлиб, 1971 йил 30 декабрь куни заводнинг расмий очилиш маросими ўтказилган. Дастлаб заводнинг табиий газни қайта ишлаш қуввати йилига 5 миллиард куб метр бўлган. Кейинчалик, турли йилларда янги қувватлар фойдаланишга топширилиши натижасида заводнинг йиллик қуввати 29,5 миллиард куб метр газни қайта ишлаш даражасига етказилган. Ҳозирда заводда 3200 нафар ишчи-ходим фаолият юритмоқда.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати Ⓣ

Top