23:19 / 29.08.2020
5024

Шаҳрихонда ўзини ўзи банд қилиш орқали 1388 та оила камбағаллик тоифасидан чиқарилди

Фото: KUN.UZ

Халқ депутатлари Шаҳрихон туман Кенгашининг навбатдаги бешинчи сессиясида секторлар раҳбарлари ўзлари бошчилик қилаётган ҳудудлардаги маҳаллаларда эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот бердилар.

Туман ҳокими, 1-сектор раҳбари Ҳикматилло Дадахонов таъкидлаб ўтганидек, тумандаги 76 та маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 300 минг 53 нафар аҳолининг 16 минг 783 нафари ишсиз ҳисобланиб, ишсизлик даражаси 13,4 фоизни ташкил этиши аниқланган.

Туманда жами 5791 та оила “Темир дафтар”га киритилган бўлиб, мазкур хонадонларда 23 минг 385 нафар аҳоли яшайди. Уларга 358 та саховатпеша тадбиркорлик субъектлари ва ҳомийлар ихтиёрий асосда бириктирилди. Ўзини-ўзи банд қилиш орқали амалга оширилган ишлар натижасида 1388 та оила камбағаллик тоифасидан чиқарилди.

Шунингдек, “Темир дафтар”га киритилган 380 нафар кам таъминланган, эҳтиёжманд, камбағал оилаларнинг ишсиз аъзоларига шахсий ва дала томорқасида жами 2 гектар 53 сотихга енгил типдаги иссиқхона қурилиши учун 1 млрд 181 млн сўм субсидия маблағлари берилди.

Хитой тажрибасидан келиб чиққан ҳолда 12,7 гектар ер майдонида ташкил этилган қишлоқ хўжалиги кооперативига эса 50 нафар ишсиз, меҳнат миграциясидан қайтган фуқаролар жалб этилиб, уларнинг кооперативдаги пайи (улуши) учун 111 млн 500 минг сўм субсидия ажратилди.

Туманда умумтаълим мактаблари битирувчиларининг бандлигини таъминлашга ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда 4201 нафар ўқувчи ёшлар 11-синфни битирди. Шундан 45 нафари муддатидан олдин олий таълимга қабул қилинган бўлса, 1023 нафари кафолатланган касбнинг эгасига айланди. Шунингдек, 68 нафар битирувчи ёшларнинг бандлиги таъминланди, 1023 нафари тадбиркорлик йўналишида фаолият олиб бориш истагини билдирди.

Сессия давомида аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, бюджет даромадлари даражасини ошириш ва хорижда меҳнат қилиб қайтган ишсиз фуқароларни ишга жойлаштириш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Сессияда халқ тепутатлари Андижон вилояти кенгашининг депутати, Ўзбекистон қаҳрамони Камолиддин Ғопиров иштирок этди.

Сессия якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Шерзодбек Содиқов

Top