19:39 / 30.08.2020
6752

Туркия иқтисодиёт ва технологиялар университетининг Тошкент филиалига кириш имтиҳонлари бўлиб ўтди

Фото: Туркия иқтисодиёт ва технологиялар университети

29 август куни Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Туркия иқтисодиёт ва технологиялар университетининг Тошкент шаҳридаги филиалига кириш имтиҳонлари ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Филиалда талабалар 2 йўналишда – «Электрон тижорат ва бошқарув» ҳамда «Халқаро бизнес ва тадбиркорлик» соҳаларида таълим олади. Ҳар бир йўналишга 50 нафардан талаба қабул қилинади. Жами 500дан зиёд абитуриент ҳужжат топширган.

Маълумот учун, Туркия иқтисодиёт ва технологиялар университети 2004 йилда ташкил этилган. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил февраль ойида Туркияга ташрифи доирасида ушбу ОТМнинг Тошкентдаги филиалини очиш юзасидан меморандум имзоланган эди. 17 июнда филиални ташкил этиш ҳақида ҳукумат қарори қабул қилинди.

Филиал дуал таълим тизимига асосланган бизнес ва тадбиркорлик йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрлайди. Таълим уч семестрлик ўқув жараёнидан иборат бўлиб, талабалар назарий билимлар билан бирга амалий кўникмаларни эгаллайди. Семестрларнинг бири бутунлай амалиётга қаратилган бўлиб, талабалар Ўзбекистондаги ва чет элдаги йирик корхоналарда электротехника соҳасида, тўқимачилик ва мева-сабзавот кластерларида амалий машғулотлар ўтайди.

Талабалар таълим жараёнида тил бўйича билимини ошириш имконига эга бўлади. чунки дарслар инглиз тилида олиб борилади, қўшимча равишда турк, француз, немис ва хитой тиллари ўргатилади.

Университетга ўқишга кирган иқтидорли ва кам таъминланган талабалар учун Туркия Савдо палаталари ва биржалари иттифоқи ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан бир қатор имтиёзлар тақдим этилади.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатасидан маълум қилинишича, биринчи ўқув йилида палата томонидан барча талабаларга (ҳар бири учун) 750 доллардан маблағ ажратилади.

Top