21:27 / 07.09.2020
9544

Германия терма жамоаси 260 км масофага самолётда боргани учун танқид остида қолди

Футбол бўйича Германия терма жамоаси УЕФА миллатлар лигаси доирасидаги иккинчи ўйинидан сўнг танқидлар остида қолди. Бу ерда гап терма жамоанинг Испания ва Швейцария билан дуранг ўйнаганида ҳам эмас.

Фото: Getty Images

Кўплаб футбол мухлислари ва айниқса атроф-муҳит ҳимоячиларини Немис футбол иттифоқи (DFB) ва Германия термасининг экологияга муносабати норози қилди. Футболчилар Штутгартдан Швейцариянинг Базель шаҳрига (орадаги масофа 260 км атрофида) автобус ёки поездда эмас, самолётда боришди.

ГФР терма жамоасининг Twitter саҳифасида Базелга самолётда қандай етиб боргани акс этган фотосурат остига ишқибозлар танқидий руҳдаги изоҳларини ёзиб қолдиришди: "Уялишингиз керак!", "Самолётда? Ростданми?", "Бемаънилик. Иқлим ўзгариши ҳақида эшитишмаганми?"

Германия терма жамоаси бош менежери Оливер Бирхофф самолёт танланишига жамоанинг гигиеник хавфсизлигига эътибор ва ўйинчиларнинг жисмоний тикланишини таъминлаш мақсади билан изоҳлади.

Унинг сўзларига кўра, ушбу ҳолатда чартер авиарейси масофадан қатъи назар, УЕФА тавсиясига кўра автобус (уч ярим соат юриш спортчиларнинг ўзини яхши ҳис қилишларига таъсир кўрсатади) ёки поездда (Карлсруэда алмашиш коронавирус юқтириш хавфини оширади) боришга нисбатан энг яхши танлов ҳисобланади.

Бундан ташқари, Бирхоффнинг қўшимча қилишича, DFB футболчиларнинг саломатлиги учун уларнинг клублари олдида жавобгар. Бош менежерни жамоа ҳимоячиси Тило Керер ҳам қўллаб-қувватлади: "45 дақиқа ва 3,5 соат ҳаракатсиз ўтириш ўртасида фарқ бор".

Top