Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Иордан дарёси Ғарбий соҳилида фаластинлик талабалар немис дипломатини тадбирдан қувиб чиқарди
Фаластинлик талабалар Германиянинг Рамаллоҳдаги миссияси раҳбарини «Исроилни қўллаб-қувватловчи давлат вакили» бўлгани учун тадбирдан ҳайдаб юборди.
30 апрел, сешанба куни Европа делегациясининг Фаластин маъмурияти вакиллари билан учрашуви чоғида жиддий ҳодиса юз берди. Тадбир бўлиб ўтиши керак бўлган музейда Бирзейт университетининг бир гуруҳ фаластинлик талабалари Германиянинг Рамаллоҳдаги миссияси раҳбари Оливер Овчани «Исроилни қўллаб-қувватловчи давлат вакили» бўлгани учун қувиб чиқарди.
Германия Ташқи ишлар вазирлиги Spiegel сўровига жавобан норозилик намойишлари музей яқинида бўлиб ўтганини тасдиқлади, уларнинг сабаблари ҳақида батафсил маълумот бермади. Қайд этилишича, Овча хавфсизлик нуқтайи назаридан йиғилиш жойини тарк этишга мажбур бўлган. Ижтимоий тармоқларда дипломатларнинг ғазабланган оломон томонидан таъқиб қилиниб, шошиб музей биносидан чиқиб кетаётгани акс этган видеолар тарқалди. Видеода машинага ҳужум қилинган пайт ҳам акс этган: машинанинг орқа ойнаси синган ва унга тошлар отилган. Welt нашрининг ёзишича, интернетда тарқалган видеода Германия вакили бўлмаган, немис гуруҳининг машинаси ҳам зарар кўрмаган.
Ўз навбатида, Овча Х ижтимоий тармоғида Бирзейтдаги Миллий музейда Европа Иттифоқи делегациялари раҳбарларининг учрашуви «намойишчилар томонидан асоссиз равишда тўхтатилганидан» афсусда эканлигини билдирди. «Тинч норозилик ва мулоқот ҳар доим ўз ўрнига эга», деб таъкидлади немис дипломати ва бу воқеага қарамай, у «фаластинлик шериклар билан конструктив ишларни» давом эттиришга тайёрлигини айтди.
Германия - Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи тарафдори
2023 йил 7 октябрда ҲАМАС томонидан Исроилга қилинган ҳужумдан бери Германия мамлакатнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи тарафдори эканини маълум қилиб келади. Берлин Исроилнинг хавфсизлиги Германия давлат доктринасининг асосларидан бири эканини таъкидлайди. Айни вақтда, Берлин Ғазо секторидаги тинч аҳоли ҳуқуқлари ва ҳимоясини таъминлаш чораларини кўрмоқда. Хусусан, Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок мунтазам равишда Исроилни халқаро қонунларга риоя қилишга, Ғазо сектори ва Ғарбий соҳилдаги тинч аҳоли ҳимоясини таъминлашга чақиради.
Мавзуга оид
23:08 / 21.05.2026
Париж Фаластин халқига фахрий фуқаролик бермоқчи
18:02 / 01.05.2026
Инфантино жонли эфирда Исроил ва Фаластинни яраштиришга уринди
19:07 / 27.04.2026
ФАТҲ Ғазо секторида 20 йил ичида илк бор ўтказилган маҳаллий сайловда ғалаба қозонди
17:42 / 07.04.2026