Ўзбекистон | 08:39 / 10.09.2020
7608
8 дақиқада ўқилади

Ёнғин хавфсизлиги қоидалари тасдиқланади

Ёнғин хавфсизлиги қоидалари одамларнинг ҳаёти ва соғлиғини, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкини, атроф табиий муҳитни ёнғинлардан ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон ҳудудида умумий ёнғин хавфсизлиги талабларини белгилайди.

Вазирлар Маҳкамасининг “Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қоидалар:

ўрмон хўжалиги ҳудудларида;

кон қазилма ва шахта иншоотларида;

портловчи материаллар ишлаб чиқарилаётганда, ташилаётганда, сақланаётганда, улардан фойдаланилаётганда ва улар утилизация қилинаётганда;

саноат учун мўлжалланган портловчи материаллардан фойдаланилган ҳолда портлатиш ишларини олиб борувчи ташкилотларда;

ҳаво, сув, темир йўл, автомобиль транспорти ҳамда электр транспортида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича талабларни белгиламайди.

Ташкилот раҳбари (якка тартибдаги тадбиркор)нинг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича мажбуриятларига қуйидагилар киради:

а) Ўзбекистон Республикасининг “Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонуни, ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва норматив ҳужжатлар ҳамда мазкур Қоидаларнинг талабларига ҳар бир объектда риоя этилишини ва бажарилиши назорат қилинишини таъминлаш;

б) таркибий тузилмалар низомларида ва объект ходимларининг лавозим йўриқномаларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича мажбуриятларни кўзда тутиш;

в) объект бўйича буйруқ билан:

объектнинг технологик ускуналарини, шамоллатиш ва иситиш тизимлари, яшиндан ҳимоя қилувчи ва ерга улаш мосламаларини, алоқа ва хабарлаш воситаларини, ёнғинга қарши техник ҳимоя воситаларини соз ҳолда сақлаш ва фойдаланиш учун ҳамда ташкилотнинг объектларида ёнғин хавфсизлиги бўйича масъул шахсларни тайинлаш;

объектнинг ёнғин хавфлилигига кўра ёнғинга қарши режим белгилайдиган ҳар бир объект учун ёнғин хавфсизлиги чоралари тўғрисидаги йўриқномалар Қоидаларнинг 1-иловасига мувофиқ ишлаб чиқилишини таъминлаш;

оловли ва бошқа ёнғинга хавфли ишларни хавфсиз бажариш тартиби ва вақтини белгилаш ҳамда уларни бажарилиши устидан назоратни ташкил этиш;

объектнинг ходимлари ўртасида ёнғин содир бўлган вақтдаги мажбуриятларини тақсимлаш;

г) тегишли ёнғинга қарши йўл-йўриқ ўтказиш орқали ходимларни ёнғин хавфсизлиги чора-тадбирларига ўргатишни ва Қоидаларнинг 2-иловасига мувофиқ ёнғин-техник минимуми бўйича машғулотлар ўтказишни ташкил этиш;

д) ёнғин содир бўлганда сабабини ва унинг ривожланиши (тарқалиши) ва содир этилиши шароитларини, ёнғин келиб чиқишида ва ёнғин хавфсизлиги талаблари бузилишида айбдор бўлган шахсларни аниқлаш чораларини кўриш;

е) Қоидаларнинг 3-иловасига мувофиқ ёнғин хавфсизлиги ва ҳаёт фаолияти хавфсизлиги ҳақидаги маълумотлардан иборат иллюстрацияли стендни, шунингдек, уларни ўз вақтида янгиланишини ташкил этиш.

Ўта муҳим давлат аҳамиятига молик объектларда, йирик ижтимоий-маданий объектларда, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ хавфли ишлаб чиқариш объектлари жумласига киритилган, портлаш-ёнғинга хавфли муҳитни пайдо қилишга қодир бўлган моддалар ишлатиладиган, ишлаб чиқариладиган, қайта ишлов бериладиган, ҳосил қилинадиган, сақланадиган, ташиладиган, йўқ қилинадиган объектларда ташкилот раҳбари ўрнатилган тартибда буйруқ билан ёнғин-техник комиссиясини тузиши ҳамда Қоидаларнинг 4-иловасига мувофиқ ёнғин хавфсизлиги паспортини ишлаб чиқилишини ташкил этиш керак.

Ёнғинда одамларни хавфсиз эвакуация қилиш, шунингдек, ёнғинларни ўчириш ва ёнғинга қарши ҳимоя воситалари жойлашган жойларини белгилаш мақсадида, бир вақтнинг ўзида қаватида 10 кишидан ортиқ одамлар бўладиган бино ва иншоотларнинг (турар жойлардан ташқари) йўлаклари ва эвакуация йўлларининг кўринадиган жойларида қуйидагилар:

Қоидаларнинг 5-иловасига мувофиқ ишлаб чиқилган ёнғин вақтида бинони тарк этиш эвакуация режаси (схемаси) ўрнатилган бўлиши;

давлат стандарти талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган ёнғин хавфсизлиги белгилари жойлаштирилган бўлиши керак.

Ташкилотларнинг ходимлари ҳамда фуқаролар қуйидагиларга мажбурдирлар:

а) норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, шунингдек, норматив ҳужжатларда, давлат ёнғин назоратининг ҳужжатларида ва Қоидаларда назарда тутилган ёнғин хавфсизлиги талабларига амал қилишга;

б) газ ва маиший электр асбобларидан, маиший-кимё воситаларидан фойдаланишда, енгил алангаланувчи суюқликлар (ЕАС) ва ёнувчи суюқликлар (ЁС) билан ҳамда ёнғин хавфлилиги жиҳатидан хавфли бўлган бошқа моддалар, материаллар ва ускуналар ёрдамида ишларни бажаришда эҳтиёткорлик чораларини кўришга;

в) ёнғинни сезиб қолганда зудлик билан бу ҳақда ёнғиндан сақлаш хизматига хабар қилишга ҳамда одамларни, мол-мулкни эвакуация қилиш ва ёнғинни ўчириш юзасидан чоралар кўриши керак.

Объектлар Қоидаларнинг 6-иловасига мувофиқ соз ҳолатдаги ёнғинга қарши техник ҳимоя воситалари, ёнғин ўчиришнинг бирламчи воситалари ва бошқа ёнғин техникаси, шунингдек, тезкор алоқа воситалари билан таъминланган бўлиши керак.

Ишлаб чиқариш ва омборхоналарнинг эшиклари (дарвозаси)нинг ташқи тарафига, шунингдек, ташқи қурилмаларнинг ҳудудига мазкур Қоидаларнинг 7-иловасига мувофиқ портлаб ёниш ва ёнғин хавфи бўйича тоифаларнинг ҳамда зоналар классининг белгиси ўрнатилиши керак.

“А” ва “Б” тоифаларига мансуб хоналарнинг эшикларига қўшимча равишда мазкур Қоидаларнинг 8-иловасига мувофиқ ёнғин хавфсизлиги чора-тадбирларининг маълумот картаси ўрнатилиши керак.

Ҳар бир фуқаро ёнғинни сезганда қуйидагиларни бажариши мажбур:

а) зудлик билан “101” телефон рақами орқали Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ)нинг ёнғин-қутқарув бўлинмасига хабар бериш (хабарда воқеа содир бўлган манзил, ёнғин чиққан жой ва ўзининг фамилиясини айтиш);

б) одамларга хабар беришга ва уларни эвакуация қилиш чораларини кўриш;

в) имкон қадар мавжуд ёнғинни ўчиришнинг бирламчи воситалари билан ёнғинни ўчириш чораларини кўриш.

Ёнғин жойга етиб келган ташкилот раҳбари (мансабдор шахс) қуйидагиларга мажбур:

а) инсонлар ҳаётига хавф туғилган тақдирда, уларни мавжуд куч ва воситалар ёрдамида қутқариш чораларини кўришга;

б) зарур бўлганда электр энергияни (ёнғинга қарши ҳимоя тизимидан ташқари) ўчириш, юкларни ташишга мўлжалланган мосламаларни, агрегатларни, аппаратларни иш фаолиятини тўхтатиш, хомашё, газ, буғ ва сув коммуникацияларини ёпиб қўйиш, авария рўй берган ва унга туташ хоналарнинг шамоллатиш тизими ишини тўхтатиш, хоналарни тутун билан қопланиши ва ёнғинни тарқалишини олдини олишга имкон берадиган бошқа чораларни кўришга;

в) ёнғинни ўчиришга қаратилган ишлардан ташқари бинодаги барча ишларни тўхтатишга (агар ишлаб чиқаришнинг технологик жараёни бўйича мумкин бўлса);

г) ёнғинни ўчиришга жалб этилган ходимлардан ташқари барча ходимларни хавфли ҳудуд ташқарисига чиқаришга;

д) ёнғин-қутқарув бўлинмалари етиб келгунга қадар (объектнинг ўзига хослигини ҳисобга олган ҳолда) ёнғинни ўчиришда умумий раҳбарлик қилишга;

е) ёнғин ўчиришда иштирок этаётган ходимларни хавфсизлик талабларига риоя қилишларини таъминлашга;

ж) ёнғин ўчириш билан бир вақтда инсонларнинг эвакуация қилиш ва моддий бойликларни ҳимоя қилишни ташкиллаштиришга;

з) ёнғин-қутқарув бўлинмаларини кутиб олишни ва ёнғин содир бўлган жойга қисқа йўл билан олиб боришни ташкиллаштиришга.

Ташкилот (объект) раҳбари (ёки унинг вазифасини бажарувчи мансабдор шахс) ёнғин-қутқарув бўлинмаси ёнғинга етиб келиши билан ёнғинни ўчириш раҳбарига ёнғин жойи ҳақида, хоналарда одамларнинг мавжудлиги, ёрдамга муҳтожлар ҳамда ёнғинни ўчиришга жалб этилганлар, сақланаётган ва ишлатилаётган моддалар, материаллар, маҳсулотларнинг миқдори ва ёнғинни ўчириш бўйича кўрилган чоралар ҳақида ахборот бериши керак.

Ташкилот (объект) раҳбари (мансабдор шахси) ёнғинда штаб таркибига киритилганда қуйидагиларга мажбур:

а) ёнғинни ўчириш раҳбари томонидан берилган вазифаларни бажарилишини таъминлашга;

б) объектнинг хусусиятлари, туташ бино ва иншоотлар ҳақида ёнғинни ўчириш раҳбарига маълумот тақдим этишга;

в) ёнғинни ўчириш раҳбари томонидан берилган вазифаларни бажарилишида объект ходимларининг ҳаракатларини мувофиқлаштиришга.

Мавзуга оид