14:27 / 11.09.2020
14185

Вазир ўринбосари соғлиқни сақлаш тизимида маблағлар ноқонуний ўзлаштирилиши ҳолатлари бўйича изоҳ берди

Шифокорларга маош бериш ва озиқ-овқат маҳсулотлари харидида давлат бюджети маблағларини ноқонуний ўзлаштириш ҳолатлари кузатилган.

Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Абдуҳаким Ҳожибоев Сенатнинг ялпи мажлисида коронавирус билан курашишга жалб қилинган соғлиқни сақлаш тизими муассасаларида маблағларни ноқонуний ўзлаштиришга нималар сабаб бўлаётгани ҳақида гапирди.

«Коронавирус беморлари даволанаётган ва унга гумон қилинувчилар карантинга олинадиган муассасаларда давлат бюджети ва жамғармалардан ажратилаётган маблағларнинг мақсадсиз сарфланиши, ноқонуний ўзлаштирилиши ҳоллари кўплаб кузатилмоқда.

Бу муассасаларида ишлаётганларнинг ойлик маошини кўтариш, қўшимча 6 фоизлик устама бериш кабилар белгиланган бўлиб, бунда қайсидир ўринларда билиб-билмай хатоликларга йўл қўйилган. Маблағларни ноқонуний ўзлаштиришнинг асосий сабабларидан бири шу.

Яна бир сабаб - карантин зоналарида ва шифохоналарда овқатланишни ташкил қилиш билан боғлиқ. Кўп ҳолларда овқатланишни ташкил қилишда озиқ-овқат маҳсулотларнинг нархини ошириш ва шу орқали маблағларни ноқонуний ўзлаштириш ҳолатлари бўлган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигида ички аудит, сифат назорати ва молиявий назорат тизими йўлга қўйилган бўлиб, уларнинг жойлардаги вакилларига бу бўйича вазиятни назоратга олиш топшириғи берилган», дея вазир ўринбосарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Қайд этилишича, ўтган ярим йилликда соғлиқни сақлаш тизимида 285та ҳолатда 14 млрд сўм маблағнинг ноқонуний ўзлаштирилиши ва мақсадсиз сарфланиши ҳолларига йўл қўйилган.

Сенат раиси бу масалага нисбатан муросасиз бўлишга чақирди.

«Давлат раҳбарининг қарори асосида коронавирусга қарши курашга жалб қилинганларнинг маошлари кўтарилди. Шунингдек, республикада коррупцияга қарши кураш ишлари янги босқичга олиб чиқилган. Шу боис, соғлиқни сақлаш тизимида қатъий назорат механизмлари ишлаши, маблағлар билан ноқонуний ҳаракатларга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш лозим», деди Танзила Норбоева.

  • Маълумот учун, Андижон вилояти СЭОМда 159 миллион сўмлик, Қашқадарё вилояти СЭОМда қарийб 918 миллион сўмлик бюджет маблағлари талон-торож қилингани хабар берилган эди. Бундан ташқари, Навоий вилояти СЭОМ мансабдор шахслари Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан ажратилган 500 миллион сўмдан ортиқ маблағни ўзлаштирган. Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманидаги СЭОМни таъмирлаш ишларида 189,2 миллион сўм маблағ талон-торож қилинган. Наманган вилоят СЭОМ мансабдор шахслари эса 250 миллион сўм маблағни талон-торож қилган, шунингдек, мазкур СЭОМ иқтисодчиси 40 миллион сўм пора билан қўлга тушган.
Top