18:10 / 15.09.2020
9520

Чиқинди ташлаш одатингизни ўзгартириб, муҳтожларга ёрдам беринг — Тошкентда янги ижтимоий лойиҳа

Hashar Week – Ўзбекистонда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ташаббусларни илгари сураётган фаол ижтимоий лойиҳалардан бири. Лойиҳа яқинда ҳам табиат, ҳам инсонлар учун фойда келтирувчи ғояни илгари сурди: бунинг учун шунчаки маиший чиқиндини саралаб, белгиланган жойга топшириш кифоя.

Hashar Week лойиҳаси муаллифи ва раҳбари Суна Парк бу қандай амалга ошиши ҳақида батафсил сўзлаб берди.

— Мақсадимиз – кўплаб одамларнинг чиқиндини бир марта саралашлари эмас, балки камроқ одам бўлса ҳам, бу ишни ўз одатларига айлантиришларидир. Одамлар шунчаки чиқиндини саралаш билан чекланиб қолмасдан, ҳар бир харидлари ҳақида – унинг қандай қадоққа эгалиги, бўшаган идиш/қадоқнинг кейинги тақдири нима бўлиши ҳақида ўйланишлари, таҳлил қилишлари керак.

«Чиқиндингиз билан ёрдам беринг» ғояси пандемия вақтида туғилди. У иккита мақсадни кўзда тутади: пандемия даврида ишсиз қолиб, моддий танг вазиятга тушганларга ёрдам бериш ва чиқиндини саралаш орқали табиатга етадиган зарарни камайтириш.

Ўз-ўзини изоляция қилиш даврида ҳам одамларни қаерда «тутиш» мумкин? Чиқиндихонада. Чунки ҳамма барибир чиқинди ташлагани чиқади.

Шундай қилиб, одамларда чиқиндини саралаш кўникмасини шакллантириш, муҳтожларга ёрдам бериш, экологик акция – буларнинг барчасини биргина ташаббус орқали рўёбга чиқаришга ҳаракат қилдик.

Лойиҳанинг ишлаш механизми ҳақида

— Ташаббусни қўллаб-қувватлаш учун одамлардан нима талаб этилади? Кундалик турмушда ҳосил бўладиган чиқиндини саралаш (пластик ва қоғоз) ва Тошкент шаҳрида мавжуд еттита чиқинди қабул қилиш пунктига топшириш керак. Пункт хизматчилари чиқиндини қайта ишловчи корхоналарга топширишади ва бундан тушган маблағ ҳисобига эҳтиёжманд оилалар учун озиқ-овқат маҳсулотлари, дори воситалари харид қилиб, етказиб берилади.

Чиқиндини саралаётганда уларнинг қолдиқлардан холилиги, тозалигига эътибор қаратиш сўралади. Ҳажми катта чиқиндилар имкон қадар ихчам ҳолатга келтирилиши керак.

Ташаббусни қўллаб-қувватлаш истагида бўлганлар ташкилотчилар билан боғланиб (+998 90 037 07 24 рақамига очилган Telegram орқали) экопаспортни қўлга киритишлари керак. Ҳар гал сараланган чиқинди пунктга топширилганда экопаспортга унинг ҳажми киритиб борилади.

Лойиҳа 8 июлдан иш бошлади. Ўтган даврда пунктлар орқали 100 кг пластик ва 200 кг қоғоз қабул қилдик. Уларни қайта ишлашга топшириш орқали 281 400 сўм маблағ жамланди. Ташкилотчилар томонидан бунинг устига яна қўшимча маблағ қўшиб, жами 532 000 сўмга 5та оилага озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Эҳтиёжманд оилаларни топиш учун «Яқинлар» ботидан фойдаланмоқдамиз.

Ташаббусни кўпроқ одамлар қўллаб-қувватлашларини истаймиз. Бу ой 100 нафар оилага, уйсиз кишиларга ёрдам бериш кўзда тутилган.

Топширилган ҳар бир кг чиқинди ва ундан тушадиган маблағнинг ҳисоб-китоби юритилади.

Кўпчилик иштирок этишни истайди, аммо чиқиндини пунктга топшириш учун бир тумандан бошқасига боришга ҳам тўғри келяпти. Биз бундай ҳаракатларни жуда қадрлаймиз.

«Hashar Week – манфаатларсиз, ижтимоий лойиҳа»

— Биз ҳеч қандай тижорий манфаатни кўзламайдиган ижтимоий лойиҳа сифатида фаолият юритамиз. Учта йўналишда – давлат, бизнес тузилмалари ва аҳоли билан ишлаш орқали экологик муаммоларни ечишда ташаббуслар билан чиқамиз. Чунки ташаббуслар шу ҳар уч йўналишни қамраб олсагина самарали сиёсат юритиш мумкин бўлади.

Экология ҳимоясига қаратилган бир неча лойиҳаларимиз бор. Яшил офис ташаббуси орқали ишхоналарда электр, сув ресурсларини тежаш тизимини жорий қилиш, бинони табиатга хавфсиз шаклда лойиҳалаштириш учун консалтинг хизматлари кўрсатилади.

«Яшил қаҳвахона» лойиҳасида бир марталик салфетка, найчалар, идишлардан фойдаланишни қисқартириш бўйича кўрсатмалар берилса, «яшил хонадон» чиқиндиларни сараланган ҳолда ташлаш имконини берувчи тизим яратишни кўзда тутади.

Саодат Абдураҳмонова суҳбатлашди.

Top