Ўзбекистонда нодавлат-нотижорат ташкилотлари тўсиқларсиз фаолият юрита оляптими? Бу хусусида экологик муаммоларни ҳал қилишга кўмаклашиш билан шуғулланувчи Hashar Week ижтимоий лойиҳаси муаллифи ва раҳбари, халқаро сиёсий консультант Суна Парк билан суҳбатлашдик. У Ўзбекистон шароитида ижтимоий лойиҳалар учраши мумкин бўлган қийинчиликлар ҳақида ўз тажрибаси асосида гапириб берди.

Суна Парк, Hashar Week лойиҳаси муаллифи ва раҳбари

– Hashar Week 1,5 йилдан бери ижтимоий лойиҳа сифатида фаолият юритиб келмоқда. Биз шунчаки кўнгиллилар гуруҳи ёки экология фаоллари эмасмиз. Кўпчилик бизнинг асосий фаолиятимиз ҳашарлар ташкиллаштиришдан иборат деб ўйлайди, аммо биз олдимизга каттароқ масштабдаги мақсадлар қўйганмиз. Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланиши ижтимоий тараққиёт билан бирга кечиши ва бу экология манфаатларига зид бўлмаслиги лойиҳамизнинг асосий тамойилларидан биридир.

Фаолиятимизнинг асосий йўналишлари ҳақида қисқача гапириб берсам, Hashar Week экология муҳофазасига қаратилган ташаббусларни илгари суради. Аниқ стратегия ишлаб чиққанмиз. Унга кўра, дастлаб чиқинди билан ишлаш маданиятини шакллантиришдан иш бошладик.

Чиқиндиларни саралаш ва бундан келадиган даромаддан эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам кўрсатишни назарда тутувчи лойиҳамиз – «Чиқиндингиз билан ёрдам беринг». Иккинчи йўналишимиз – экоменежмент, яъни ташкилотларнинг корпоратив ижтимоий ва экологик масъулияти бўйича стратегия ишлаб чиқишдир. Иш жойларини экоменежмент асосида ташкил қилиш бўйича «Яшил офис», бир марталик пластик идишлардан фойдаланишни қисқартиришга қаратилган «Яшил қаҳвахона» каби лойиҳаларимиз бор.

Мактаб ўқувчиларида чиқиндини саралаш кўникмасини шакллантириш ва бунинг аҳамиятини тушунтиришга қаратилган «Z авлод» лойиҳасини амалга оширдик. 12та ҳуддуддаги 100дан зиёд мактабда лойиҳа амалга оширилди.

Бош мақсадимиз – баландпарвоз чақириқлар билан бир марталик акциялар ўтказиш эмас, балки табиатни муҳофаза қилиш кўникмасини доимий одатга айлантиришдир