11:35 / 15.09.2020
5948

Ўзбекистон махсус хизматлари ҳамкорлар билан биргаликда МДҲ давлатларида 20дан ортиқ терактларнинг олдини олди

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

2020 йилнинг 14 сентябрь куни «Терроризм ҳамда унга олиб борувчи тажовузкор экстремизм ва радикаллашувга қарши самарали шериклик» мавзусида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) юқори даражадаги терроризмга қарши онлайн конференцияси бўлиб ўтди.

ТИВ хабарига кўра, тадбирда ЕХҲТнинг амалдаги раиси — Албания Европа ва ташқи ишлар вазири Гент Чакай, БМТ бош котиби ўринбосари, ташкилотнинг Терроризмга қарши курашиш бошқармаси раҳбари Владимир Воронков, ЕХҲТга аъзо давлатларнинг юқори мартабали вакиллари иштирок этди.

Анжуман чоғида терроризмга қарши курашиш соҳасида фуқаролик жамияти ва хусусий секторнинг ролини ошириш орқали мазкур йўналишдаги халқаро ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Конференцияда асосий маърузачилардан бири сифатида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Шерзод Асадов иштирок этиб, у иштирокчиларни мамлакатнинг терроризм ва экстремизмга қарши курашиш соҳасидаги ютуқлари билан таништирди.

Ўзбекистоннинг ўн йилдан ортиқ вақт мобайнида ўз ҳудудида битта ҳам террористик ҳаракатни амалга оширишга йўл қўймаганлиги қайд этилди. МДҲ ҳудудидаги ҳамкор махсус хизматлар билан биргаликда 20дан ортиқ терактларнинг олди олинди.

Хавфсизликни таъминлаш, жумладан хорижий сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш соҳасида Ўзбекистон учинчи йилдирки, кетма-кет энг хавфсиз мамлакатлар рейтингида етакчи ўринни эгаллаб тургани таъкидланди.

Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси томонидан терроризмга қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни юқори баҳолашди, дейилади хабарда. 

Top