Жаҳон | 19:11 / 30.03.2024
5911
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистоннинг терроризмга қарши кураш ташаббуси ШҲТ томонидан маъқулланди

Терроризм, сепаратизм ва экстремизмнинг замонавий чақириқлари ва таҳдидларига қарши биргаликдаги чора-тадбирлар белгиланди.

Фото: Мадибек Жанибеков / Kazinform

29 март куни Тошкентда Хитой раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (МАТТ) Кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон, Ўзбекистон ваколатли органлари ҳамда ШҲТ МАТТ Ижро қўмитаси делегациялари иштирок этди.

Йиғилишда ШҲТ МАТТ Кенгаши 3 январ куни Эроннинг Кирмон шаҳрида, 22 март куни Россиянинг «Крокус Сити Холл» биносида ва 26 март куни Покистоннинг Хайбар-Пахтунхва провинциясида содир этилган террорчилик хуружларини қоралаб баёнот берди. Йиғилганлар террорчилик ҳужумлари қурбонлари хотирасига бир дақиқалик сукут сақлади.

– ШҲТ терроризмнинг барча тур ва кўринишларини кескин қоралайди. Халқаро терроризмга қарши муросасиз кураш ШҲТ фаолиятининг устувор йўналишларидан бири бўлиб, биз халқаро ҳамжамият билан яқин ҳамкорликда терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашда тинимсиз саъй-ҳаракатларни давом эттирамиз, - деди ШҲТ Бош котиби ўринбосари Нурлан Ермекбаев.

Форумда терроризмни молиялаштириш каналларини аниқлаш ва уларга чек қўйиш, шунингдек, интернет тармоғидан террористик ва экстремистик мақсадларда фойдаланишга қарши курашиш масалалари кўриб чиқилди.

«Уч ёвуз» кучга қарши курашиш соҳасидаги қатор ҳужжатлар, жумладан, тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солувчи вазиятлар фонида юзага келаётган терроризм, сепаратизм ва экстремизмнинг замонавий чақириқлари ва таҳдидларига қарши биргаликдаги чора-тадбирлар ва ШҲТ минтақасида барқарорлик тўғрисидаги Қозоғистон ташаббуси маъқулланди.

ШҲТ МАТТ навбатдаги йиғилиши Хитойда бўлиб ўтади.

Мавзуга оид