14:12 / 21.09.2020
5916

«Намангандан бир йилда 10 минг фуқарони Россияга тартибли равишда ишга юбориш режалаштирилган» — вилоят ҳокими ўринбосари

Ўтган ҳафтада президент «Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» қарор имзолади. Қарорда ташқи меҳнат миграциясини тартибга солиш бўйича асосий йўналишлар белгилаб берилган.

Фото: Егор Алеев / ТАСС

Маълумки, ишлаш учун хорижга жўнаш водий вилоятларида ҳам анъана тусига кирган. Бугунги кунда миграция масалалари бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан Наманган вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Толиб Юсупов билан суҳбатлашдик.

– Толибжон ака, биламизки, Наманган вилояти ҳам аҳоли жуда зич вилоятлардан бири ва бу ҳудудда ҳам миграция оқими кучли. Аввало, аҳоли сони ва муҳожирлар ҳақидаги рақамлар билан таништирсангиз.

– Тўғри, чиндан ҳам Наманган вилояти аҳоли сони ва зичлиги бўйича етакчилардан бири ҳисобланади. Ҳозирги кунда вилоятда 2 млн 813 мингга яқин аҳоли рўйхатдан ўтган бўлиб, узоқ муддатга чет элда бўлган шахслар сони 157 410 нафарни (шундан эркаклар 133 542 нафар, аёллар 23 868 нафар ва вояга етмаганлар 1589 нафарни) ташкил этган.

Жорий йилнинг 1 август ҳолатига 85 750 нафар шахс хориждан қайтиб келган бўлиб (шундан эркаклар 69 129 нафар, аёллар 16 621 нафар ҳамда вояга етмаганлар 381 нафарни ташкил этиб), шундан 46 405 нафарининг бандлиги таъминланган.

Вилоятимиз бўйича хориждаги юртдошларимизнинг асосий қисми Россия (44 фоиз), Қозоғистон (38 фоиз) ва Жанубий Кореяга (3 фоиз) тўғри келиб, 65 минг нафари ишлашга, 1,4 минг нафари ўқишга, 2,5 минг нафари бошқа мақсадларда чиқиб кетган.

Хорижда ишлаш истагида бўлганларга кўмак бериш учун Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига тобора кўпроқ ваколат ва масъулият юкланмоқда. Бу натижа беряптими?

– Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Наманган филиали томонидан пандемия даврида фуқароларни Россия (40 нафар), Қозоғистон (17 нафар) давлатларига ташкилий тартибда ишга юборилган. Ҳозирги кунда, чет давлатларида ишлаш истагида мурожаат қилганлар 1,7 минг нафарни ташкил этади.

Иш изловчиларнинг 42 фоизи қурилиш соҳаси бўйича мутахассислар, 12 фоизи енгил саноат соҳаси, 17 фоизи қишлоқ ҳўжалиги, 29 фоизи касб-малакага эга бўлмаганларни ташкил этади.

Чет давлатларда ишлаш истаги бўлган, бироқ пандемия сабабли чет элга кета олмаган 130дан зиёд фуқаро 12 турдаги (сантехник, электрик, пайвандловчи, токар, асаларичилик, ошпаз-қандолатчилик, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ва ҳ.к.) йўналиш бўйича ҳар бир гуруҳларда 15 нафардан касб-ҳунар ва хорижий тил курсларига ўқитиш бошланди.

Россия халқлар дўстлиги университети (РУДН) билан ҳамкорликда халқ таълими тизимидаги рус тили ўқитувчилари иштирокида «Рус тили имтиҳон маркази» ташкил этилди.

Маълумот ўрнида: 2020 йилнинг 8 ойида мигрантлар томонидан оила аъзолари учун пул ўтказмалари орқали 231,6 млн доллар (2019 йилда 455,8 млн доллар) миқдорида пул маблағлари юборилган. Бунда, 300 доллардан юқори жўнатганлар 21 257 нафар, 200–300 доллар оралиғида пул юборганлар 24 217 нафар, 200 долларгача маблағ жўнатганлар эса 18 666 нафарни, пул жўнатмаётганлар 953 нафарни ташкил этади.

– Лекин бу рақамлар талабни тўлиқ қондира олмаслиги тайин. Йирикроқ лойиҳалар устида ҳам ишланяптими?

– Албатта, бу ҳаракатларимиздаги дастлабки қадамлар холос. Ҳудудлараро ҳамкорлик доирасида Россиянинг Свердловск ва Самара вилоятлари билан йил якунига қадар музокаралар ўтказиш режалаштирилган бўлиб, камида 3,5 минг нафар фуқаро тартибли асосда ишга юборилади.

Шунингдек, ҳозирда Россия Федерациясининг Амур вилоятидаги Ямата ва Реносанс корхоналарида мавжуд 4 мингдан ортиқ бўш иш ўрнига вилоятдаги 1000 нафар фуқарони юбориш бўйича рўйхатлар шакллантирилмоқда. У ердаги ишчиларнинг маоши 400-600 АҚШ доллари атрофида бўлади.

2021 йилда 10 минг нафар фуқарони Россияга, 3 минг нафар фуқарони Қозоғистонга ва 1,4 минг нафар фуқарони бошқа давлатларга тартибли асосда ва манзилли ишга юбориш режалаштирилган.

Мигрантлар аниқ касб билан хорижга чиқишлари учун вилоятдаги ишсиз аҳоли ва банд бўлмаган ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш мақсадида туманларда 11 та касб-ҳунар коллежларининг фойдаланилмаётган биноларида ўқув мономарказлари ташкил қилдик. Мазкур мақсадларга маҳаллий бюджет ҳисобидан жами 5,2 млрд сўм, шундан таъмирлаш харажатлари учун 3,5 млрд сўм, жиҳозлаш харажатларига 1,6 млрд сўм маблағлар ажратилган.

Шунингдек, Наманган шаҳридаги Наманган қурилиш ва дизайн касб-ҳунар коллежи биносида йил якунига қадар «Ишга марҳамат» мономаркази фаолияти тўлиқ йўлга қўйилади.

Наманган шаҳрида «MIGO Overseas Consulting» хусусий бандлик агентлиги ташкил этилган бўлиб, 10га яқин давлатлардаги корхоналар билан шартномалар имзоланган.

Япония каби ривожланган давлатларда ҳам пандемия бўлса-да, ишчиларга талаб юқорилигича сақланиб қолмоқда. Шу боис, хусусий агентлик учун япон тили ва маданиятини ўқитиш учун Наманган шаҳридаги саноат касб-ҳунар коллежида қўшимча ташкил этилаётган ўқув марказидан қўшимча хоналар ажратиш режалаштирилди ва Япониядан 4 нафар тажрибали ўқитувчи келиши кутилмоқда.

Натижада, келгуси йилдан 300га яқин хорижда ишлаш истагини билдирган ишсиз фуқаролар бандлиги таъминланади.

– Биламизки, наманганлик машҳур ва бадавлат шахслар хорижда талайгина. Юртдошларимизни иш билан таъминлаш, кўмак беришда хориждаги ватандошларимиз ўрни қай даражада?

– Вилоятдан бошқа давлатларга ишга ва бошқа мақсадлар билан кетиб, йиллар давомида шу мамлакатларда фуқаролигини олган ёки узоқ даврда юрган юртдошларимиз (диаспора) томонидан вилоятимизда шу йилнинг ўзида 9та лойиҳа амалга оширилиб, натижада 565та янги иш ўринлари яратиш режалаштирилди.

Мисол учун, Наманган шаҳрида Абдуллаев Жобирхон 2005–2016 йиллар Россия Федерациясида ишлаган бўлиб, «Юксалиш» кичик саноат зонасида ўз маблағлари ва банк кредитлари ҳисобига 151,7 млрд сўмлик қоғоз ва гипсокартон маҳсулотлари ишлаб чиқариладиган корхона очмоқда. Мазкур корхона сентябрь ойидан ишга тушириш режалаштирилиб, 300та иш ўрнилари яратилади.

Янгиқўрғон туманидан Бекзод Йўлдошев 2002–2015 йилларда Россия Федерациясида ишлаган бўлиб, ҳозирда тиббиёт диагностика ва хизмат кўрсатувчи «Искавот шифо маскани»ни очган. Масканда ҳозирда 80та ишчи ўрни яратилган.

Поп туманида Чодак қишлоғида яшаган Дилшод Тўрахўжаев – 2000–2020 йилларда Россия Федерацияси фуқаролигини олган тадбиркор. У томонидан жами 400 минг доллар ҳамда 4 млрд сўм кредит ҳисобига «Чодак» МФЙ ҳудудида «Aparat Hotel Kosmos» дам олиш маскани – меҳмонхона-кемпинг хизматларини кўрсатувчи туризм объектига асос солиб, 50та иш ўрни яратиш чоралари кўрилмоқда.

Шу туманда яшаган Жаннатой Тошматова 2000–2020 йилларда Россия Федерацияси фуқаролигини олган. У томонидан 1 млн доллар инвестиция ҳамда 4 млрд сўм кредит ҳисобига «Қўшминор» МФЙ ҳудудида жами 15 млрд сўмлик «POP EXPORT STORY» дам олиш маскани – меҳмонхона-кемпинг хизмат кўрсатувчи туризм объектига асос солиниб, 30та иш ўрни яратиш чоралари кўрилмоқда.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Top