17:11 / 22.09.2020
14434

«Ўзавиация» БАА авиакомпаниясига Ўзбекистонга мунтазам парвозларни амалга ошириш учун рухсатнома берди

Авиакомпания Ўзбекистонга парвозларни Airbus-320-214 ҳаво кемаларида амалга оширишини маълум қилди.

Фото: LiveJournal

БААнинг Air Arabia Abu-Dabi LLC авиакомпанияси Ўзбекистонга мунтазам парвозларни амалга ошириш учун рухсатнома олди. Бу ҳақда Фуқаро авиацияси агентлиги хабар берди.

Ўзбекистон ҳукумати ва Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумати ўртасида имзоланган Ҳаво қатнови тўғрисидаги битим асосида «Ўзавиация» агентлиги томонидан Air Arabia Abu-Dabi LLC компаниясига Абу-Даби – Тошкент – Абу-Даби йўналишларида мунтазам парвозларни амалга ошириш учун 2020 йил 9 сентябрда 3-К сонли Фойдаланиш рухсатномаси берилди. 
  
Авиакомпания мазкур йўналишда Ўзбекистонга парвозларни Airbus-320-214 ҳаво кемаларида амалга оширишини маълум қилди, дейилади хабарда.
 
Air Arabia Шаржа ва Искандария аэропортларидан, шунингдек Марокашдаги тўртта аэропортдан Яқин Шарқ, Жануби-Шарқий Осиё, Европа ва МДҲга йўловчилар ташиш билан шуғулланувчи, бош қароргоҳи Шаржада жойлашган авиакомпаниядир.

Авиакомпания Яқин Шарқдаги дунёнинг 89та шаҳрига парвозларни амалга оширувчи биринчи ҳамёнбоп авиакомпания ҳисобланади. Air Arabia’нинг кўплаб паст бюджетли авиаташувчилардан фарқи шундаки, у Шаржа шаҳридаги базавий аэропортда тўхтаб ўтиш билан йўналишлар ўртасида парвозларни таклиф этади. Шунингдек, авиакомпания бепул багаж ташиш хизматини ҳам тақдим этади. Авиакомпания ўз таркибига кирувчи корхоналарга эга - Мисрнинг Искандария шаҳрида жойлашган Air Arabia Egypt ва Касабланкадаги Air Arabia Maroc. 

Top