Ўзбекистон | 14:15 / 21.12.2021
6254
2 дақиқада ўқилади

«Ўзавиация» агентлигига янги директор тайинланди

Фуқаро авиацияси агентлигига янги директор тайинланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Фото: uzcaa

Ҳукуматнинг 21 декабр кунги 764-сон қарори билан Тоҳир Олимжонович Назаров Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлигининг директори сифатида иш бошлади.

Тоҳир Назаров шу вақтга қадар Фуқаро авиацияси агентлигининг Сертификатлаш ва парвоз хавфсизлигини назорат қилиш бошқармаси бошлиғи сифатида меҳнат қилган.

Маълумот учун, Ўзбекистон Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи бўлиб ишлаган Толиб Ўлжаев 2019 йилда “Ўзавиация” агентлиги директори этиб тайинланганди.

Фуқаро авиацияси агентлиги президентнинг 2019 йил 1 февралдаги ПФ–5647-сон фармони билан қайта ташкил этилган ҳолда Транспорт вазирлигига ўтказилган.

Ҳаво ҳудудидан фойдаланувчиларнинг Ўзбекистон ҳаво ҳудудидан хавфсиз фойдаланиши, парвозлар инсонлар соғлиғи ва ҳаётига, атроф-муҳитга ҳамда давлат манфаатларига хавф солмаган ҳолда амалга оширилишини таъминлаш, ўз ваколатлари доирасида ҳавода ҳаракатланишга хизмат кўрсатиш ташкил этилишини ва Ўзбекистон ҳаво ҳудудидан фойдаланишни назорат қилиш агентликнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Мавзуга оид