19:17 / 23.09.2020
9288

Шавкат Мирзиёев БМТнинг Оролбўйидаги вазият бўйича махсус резолюциясини қабул қилишга чақирди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқи давомида глобал иқлим ўзгаришлари ва Оролбўйи ҳудудидаги вазиятга тўхталиб ўтди.

«Давримизнинг ўткир муаммоларидан яна бири – глобал иқлим ўзгаришларидир. Бугунги кунда ҳар бир мамлакат бу жараённинг салбий таъсирини ҳис этмоқда. Минг афсуски, бундай ўзгаришлар Марказий Осиё тараққиётига ҳам катта хавф туғдирмоқда.

Эътиборингизни яна бир бор Орол денгизи қуришининг ҳалокатли оқибатларига қаратмоқчиман. Оролбўйи ҳудуди экологик фожианинг марказига айланди. Биз мавжуд аҳволни яхшилаш учун бу ерда икки миллион гектар янги ўсимлик майдонлари ва дарахтзорлар яратиш, тупроқ қатламини шакллантириш бўйича улкан ишларни амалга оширмоқдамиз.

Мамлакатимиз ташаббуси билан Оролбўйи минтақаси учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст фонди тузилди. Умид қиламизки, ушбу фонд оғир экологик ҳудудда яшаётган аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш учун халқаро ҳамжамиятнинг таянч платформаси бўлиб хизмат қилади.

Биз Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилишни таклиф этамиз. Ушбу муҳим ҳужжат тасдиқланган санани эса Халқаро экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш куни сифатида нишонлаш мақсадга мувофиқ бўларди», деди Шавкат Мирзиёев.

Президент сўзининг якунида жаҳоннинг турли нуқталарида нотинчлик сақланиб қолаётгани, зиддият ва зўравонликлар ортиб бораётгани, экологик офатлар ва бошқа замонавий хатарлар қашшоқлик ва камбағалликнинг глобал муаммоларини кучайтираётганига эътибор қаратиб, бу муаммолар айниқса пандемия шароитида кескин тус олаётганини, тобора ташвишли оҳанг касб этаётган қашшоқликнинг овози бутун дунё ҳамжамиятини, барчани безовта қилиши зарурлигини таъкидлади.

«Шу муносабат билан қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашишни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси навбатдаги сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш ҳамда ушбу масалаларга бағишланган глобал саммитни ўтказишни таклиф этамиз.

Қадрли дўстлар! Барчамизга равшанки, пандемиядан кейинги дунёнинг ижтимоий-иқтисодий манзараси бутунлай бошқача тус олади.

Биз хавфсизлик ва барқарор тараққиёт йўлидаги умумий хатарларга қарши янгича ёндашувлар асосида ва яқин ҳамкорликда ишлашимиз зарур.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг мувофиқлаштирувчи халқаро тузилма сифатидаги марказий ўрнини янада кучайтириш лозим.

Ўзбекистон жаҳоннинг барча мамлакатлари билан кенг кўламли ва ўзаро манфаатли шерикликни, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг институтлари билан амалий мулоқотни ривожлантириш учун доимо тайёр. Эътиборингиз учун раҳмат», деди Ўзбекистон раҳбари.

 

Top