20:18 / 24.09.2020
10113

Азиз Абдуҳакимов: Одамлардан ниманидир талаб қилишдан аввал, уларга шароит яратиб беришимиз керак

Ўзбекистон ҳукуматининг оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини ривожлантириш бўйича ишчи гуруҳи президентнинг янги қарори лойиҳасини тайёрлади.

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, ишчи гуруҳ раҳбари Азиз Абдуҳакимов Makarenko.uz сайтига берган интервьюсида шаҳарлар қандай қилиб соғлом турмуш тарзи юритиш учун қулайроқ бўлиши ҳақида сўзлаб берди.

“Бизда шу пайтгача аҳолининг соғлом турмуш тарзига етарлича эътибор берилмаганди. Аммо бу жуда жиддий масала. Ўзбекистонда ортиқча вазн ва юрак-қон томир касалликларидан ўлим фоизи юқори.

Аммо одамлардан ниманидир талаб қилишдан аввал, уларга шароит яратиб беришимиз керак. Муаммони яхлит ҳолда кўриб чиқиш лозим. Агар кимдир велосипедда ёки пиёда ишга борадиган бўлса, бу соғлом бўлиш учун етарлича кундалик жисмоний машқ ҳисобланади.

Биз "Янги нафас" лойиҳаси ғояси билан чиқдик. Бир кунда камида ўн минг, бир ой давомида уч юз минг, бир йил давомида 3,6 миллион қадам юрган шахсга барча давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида 50 фоиз имтиёз берилишини ҳамда спорт иншоотларидан фойдаланиш учун абонемент тақдим этилади. Биз кекса одамларни пиёда юришга ундашни жудаям хоҳлаймиз - бу улар учун айниқса муҳим.

 Қарор лойиҳасида мамлакатнинг ҳар бир туманида велосипед йўлаги ва "саломатлик йўли" қурилиши кўзда тутилган. Ва пойтахтнинг ҳар бир туманида. Яъни, масалан, Сергели тумани аҳолисида ўз туманида велосипеддан фойдаланиш ва узоқ сайр қилиш имкони бўлиши керак. Йўлакларнинг ярмини келаси йилиёқ қурамиз.

 Бу йил биринчи марта "Автомобилсиз кун" ўтказилди, унда мен фаол қатнашдим ва бошқаларни ҳам рағбатлантиришга ҳаракат қилдим. Ушбу акция ҳар йили ўтказилади. Онгни автомобилдан пиёдалар шаҳрига йўналтириш керак. Автомобиль - бу қадрият эмас.

 Пиёда юриш ва велосипедлар билан бирга, бўш вақтда уй яқинида шуғулланиш мумкин бўлган спорт турларини ривожлантиришга катта эътибор қаратилади. Югуриш, пиёда юриш, мини-футбол, велоспорт, бадминтон, волейбол, стритбол ва фитнесга алоҳида устуворлик беришга қарор қилинди.

Бу борада ҳам режалар катта. Аслида бизда уйлар яқинида оммавий спорт майдончалари маданияти ривожланмаган. Хусусий футбол майдончалари, болалар майдончалари бор. Аммо барча фуқаролар учун ҳам бепул спорт анжомлари мавжуд эмас. Шу боис 2025 йилда мамлакатнинг ҳар бир маҳалласида workout-майдончаларини яратишни режалаштирмоқдамиз. Ҳаммаси бўлиб – 9146та. Майдонча бўлса, одамлардан "Нега спорт билан шуғулланмаяпсиз?", деб сўраш мумкин бўлади.

 Самарасиз спорт иншоотларини шахсий қўлларга ўтказамиз, аммо тадбиркорлар кам таъминланган болаларни мавсумий чипталар, спорт кийимлари ва жиҳозлари билан субсидиялаш шарти билан. Давлат мулкида қоладиган объектлар бошқа модел бўйича молиялаштирилади. Улардан фойдаланадиган одамлар сонидан келиб чиққан ҳолда.

 Кўп қаватли уйлар бўлмаган ҳудудларда халқона спорт турлари ривожланиши керак. Биз бу спорт турларининг энциклопедиясини тайёрламоқдамиз. Ёшларда халқ ўйинларига нисбатан иштиёқ бўлиши керак. Бунинг учун мусобақалар ўтказамиз.

Бизда бутун дунёдан иштирокчилар қатнашган Самарқанд ярим марафонини ўтказиш тажрибаси бор. Қишки спорт турлари бўйича «Chimgan Challenge», «Tashkent Marathon», «Бойсун баҳори» миллий ва халқ ўйинлари фестивали, бадминтон бўйича «Uzbekistan Shuttle», «Save Aral» халқаро веломарафони ва бошқа кўплаб тадбирларни ўтказамиз.

"Бу тадбирларни ким ўтказади?" деб савол беришингиз мумкин. Буни ўйлаб қўйганмиз ва ўқув жараёнига спорт менежери, промоутер, шарҳловчи каби янги касбларни киритмоқдамиз.. Бизга турли хил спорт турлари билан ишлай оладиганлар кўпроқ керак.

Биз тренерларнинг бутунреспублика маълумотлар базасини яратмоқчимиз ва одамлар уларни танлашлари, машғулот ўтказишга қулай жой топишлари учун рейтинг тизимини жорий этмоқчимиз..

Тоғ ва экстремал туризмни ривожлантиришга эътибор қаратилади. Одамлар тоғларга боришлари керак - аммо инструкторлар мактаби, туристик базалар ва маршрутларини тиклаш керак. Дам олиш кунлари саёҳатга чиқиш яна тошкентликларнинг севимли машғулотига айланиши керак.

 Интеллектуал мулк ва медиа-контент бозорини тартибга соламиз. Хориж телеканаллари бизнинг бозоримизга қизиқиш билдирмайди, чунки бизда қароқчилик кенг ривожланган, шу сабабли улар бизнинг тадбирларимизга келишмайди ва ёритишмайди, жонли трансляциялар амалга оширмайди.

 Шунингдек, соғлом овқатланиш бўйича ҳужжат тайёрланмоқда. Тўғри овқатланиш маданиятини амалга ошириш борасида олдинда жуда катта ишлар турибди. Давлат инсон тўғри овқатланиши - оқсиллар, ёғлар ва углеводлар мувозанатини тушуниши, калорияларни билишидан манфаатдор. Шунда одамлар камроқ касал бўлади – уларни даволашнинг кераги бўлмайди”.

Top