11:15 / 28.09.2020
19674

Арманистон ва Озарбойжон бир-бирининг юзлаб аскари ўлдирилганини айтмоқда

Арманистон ва Озарбойжон Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатлар давомида рақиб кучларидаги йўқотишлар тўғрисида турлича маълумотлар тарқатмоқда.

Фото: Арманистон мудофаа вазирлиги/ТАСС

Арманистон мудофаа вазирлиги Озарбойжоннинг 200 нафарга яқин ҳарбийси ўлдирилганини, шунингдек, рақибнинг 30та танк ва зирҳли техникалари ҳамда 20та учувчисиз учиш қурилмаси йўқ қилингани ҳақида хабар тарқатган.

Вазирлик вакили Арцрун Ованнисяннинг махсус брифингда хабар қилишича, Арманистон армиясининг жароҳатланган ўнлаб ҳарбийлари Еревандаги шифохоналарга ётқизилган.

Ўз навбатида Озарбойжон мудофаа вазирлиги арман аскарларидан 550дан ортиқ нафари ўлдирилгани, Арманистон армиясининг 22та танки, 18та учувчисиз учиш қурилмаси, 15та зенит-ракета мажмуаси, 8та артиллерия қурилмаси ҳамда учта ўқ-дори омбори йўқ қилинганини маълум қилган.

Боку ўз томонидаги йўқотишлар ҳақида хабар бермаган. 

Арманистон ўз армияси 550дан ортиқ қурбон бергани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Тоғли Қорабоғ республикаси раҳбари Араик Арутюнян озар ҳарбийлари қатор позицияларни эгаллаганини тасдиқлаган.

Унинг маълум қилишича, Озарбойжон ҳарбийлари Талиш қишлоғи томон ҳаракатланган ва тан олинмаган республика жанубидаги қатор позицияларни эгаллаган.

Тоғли Қорабоғ мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, Озарбойжон армияси билан жанглар давомида яна 15 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган. Аввалроқ тўқнашувлар қурбони бўлган 16 нафар ҳарбий рўйхати эълон қилинганди.

Аввалроқ Озарбойжон мудофаа вазирлиги армия кучлари Тоғли Қорабоғдаги 6 қишлоқни ва бир қанча стратегик тепаликларни эгаллашгани ҳақида хабар тарқатган, Арманистон мудофаа вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Шушан Степанян эса фейсбукдаги саҳифасида бу маълумотни рад этиб чиққанди.

Боку томони хабар қилишича, арман ҳарбийлари душанба куни тонгида Озарбойжондаги Тартар шаҳрини артиллериядан ўққа тутишни бошлаган. 

«Мудофаа вазирлиги рақибни сўнгги марта огоҳлантиради - Озарбойжон армияси жавоб чоралари қайтариши мумкин», дея вазирлик баёнотидан иқтибос келтирган «Интерфакс».

Мавзу
Қорабоғ уруши
12 июль куни Озарбойжон шимоли-ғарбидаги Товуз вилояти ҳудудида икки давлат қўшинлари ўртасида тўқнашув содир бўлди.
Барчаси
Top