12:41 / 01.10.2020
12308

Қиролича учун дуо, янги Бисмаркни излаш ва замонавий Наполеон: Brexit’дан кейинги Европанинг дипломатик психотаҳлили

Таъкидлаш жоизки, анча вақтдан бери Европа Иттифоқи муаммоларни ўз ички динамикаси доирасида ҳал қилишга муваффақ бўлиб келаётганди. Бироқ Brexit жараёни туфайли у илк марта қисқариш ташаббуси ва барқарорлик билан боғлиқ ҳаётий муаммога дуч келди.

Фото: : Tanaonte/Getty Images/iStockphoto

«Anadolu» агентлиги муаллифи Али Маскан Европа Иттифоқи келажаги бўйича фикрларини баён этди.

Буюк Британия
Англия – парламент тизимига биринчилардан бўлиб қадам қўйган, демократик жараёнларга Европа қитъасининг бошқа мамлакатларидан олдинроқ кириб келган давлат. Бу эса табиий равишда Европа дуч келувчи барча муҳим муаммоларни ҳал қилишда Британиянинг аралашувига бўлган заруриятни туғдиради.

Англия узоқ вақт мобайнида ўзининг табиий қудрати туфайли қитъада мутлақ куч сифатида ҳукмронлик қилиш учун Европадаги бирор-бир мамлакатга йўл бермади. Аммо у Иккинчи жаҳон урушининг охирига қадар давом этган ушбу миссияни чарчоқ ва вақтнинг молиявий оғирлиги туфайли қисман АҚШга топширишга мажбур бўлди. Кейинчалик у юзлаб йиллар давомида ташқаридан назорат қилиб туриши керак бўлган Европа томонидан тузилган иттифоққа кириб, ўзини ҳам Европа мамлакати сифатида рўйхатга қайд этди.

Халқаро тизимнинг маъмурий ўзгаришидан фойдаланган ҳолда, Англия мазкур тизимда мустақил куч сифатида иштирок этиш учун Brexit жараёнини бошлади. Пандемия жараёни билан ҳаётга кириб келган янги қадриятлар Буюк Британиянинг Brexit жараёнига киришгани нақадар ўринли бўлганини яна бир бор тасдиқлади.

Бугунги кунда 2,4 миллиард кишилик улкан иқтисодиётга эга бўлган Британия Ҳамдўстлиги (Commonwealth) 80дан ортиқ ташкилот томонидан қўллаб-қувватланмоқда ва у 54 давлатни ўз ичига олади. У Англия раҳбарлигида ривожланиш, тинчлик ва демократия йўлида сиёсат юритмоқда.

Яккаланиш даврида ҳам тарихий хазинасини сақлаб қолишга муваффақ бўлган Англия кутилганидек янги даврга ҳам хотиржамлик билан мослашиб боради. Шу сабабли Буюк Британия халқаро кун тартиби энг қизғин бўлган минтақа бўлиш баробарида воқеаларга нисбатан жуда аниқ ва таъсирчан аралашувлардан воз кечади.

Шу пайтгача АҚШ билан жиддий қарама-қаршиликларни бошдан кечирмаган Англия кейинги даврда ҳам ушбу даражадаги муносабатларни сақлаб қолиш орқали ўзининг «ақлли мамлакат» позициясини давом эттириши аниқ. Буюк Британия Европанинг тартиби ва барқарорлиги учун зарурат туғилганда АҚШ, Россия ва Хитой каби давлатлар билан дипломатик алоқаларни ўрнатишдан тортинмайди. Шу нуқтайи назардан, у Европа Иттифоқидан чиқиб кетган бўлса-да, иттифоқнинг мавжудлиги ва омон қолиши учун керакли қурбонликлар беришда давом этади. У Европанинг умумий ташқи ва хавфсизлик сиёсатини қўллаб-қувватлайди ва ҳаттоки Макрон талаб қилганидек, Европа хавфсизлик кенгаши каби тузилмаларга «ўнг кўз билан қарайди».

Англия нафақат минтақавий, балки глобал кучлар элементига айланган бўлса-да, қитъани беқарорлаштирувчи ҳар қандай масала эндиликда у учун энергия сарфлашнинг янги машғулотига айланади. Натижада Англия бир томондан иттифоқнинг молиявий ва дипломатик юкидан халос бўлади, бошқа томондан эса мудофааси заифлашган Европа Иттифоқини ўзига кўпроқ қарам қилади.

Янги миссиясига мувофиқ, халқаро тизимда тараққиёт, тинчлик ва демократия учун кураш олиб бораётган Британия муаммоларни уруш эмас, балки дипломатия йўли билан ҳал қилишнинг устувор йўналишларидан фойдаланади. Ақлли мамлакат сифатида можаролар ва урушлар орқали эришиш мумкин бўлган улкан ютуқларни «беш соатлик чой суҳбатлари»да қўлга киритади. Катта эҳтимол билан суҳбатдошларини ҳам ўзига яраша юмшоқ деб аташ мумкин бўлган одамлар ва давлатлар орасидан танлайди.

Германия
Иқтисодиёти ва саноати билан Европа Иттифоқининг «двигатели» бўлган Германия тарихдан олган сабоқлари туфайли мавжудлик ва омон қолишининг ягона кафолати сифатида барқарор Европани кўради. Brexit сабабли ЕИ доирасидаги масъулият кучайганини сезган Германия эндиликда нафақат иттифоқ иқтисодиётини, балки унинг нозик дипломатик алоқаларини ҳам ўз зиммасига олишга мажбур бўлади. Германия ушбу ўтиш даврида ва ундан сўнг Англия уни дипломатик столда ёлғиз қолдирмаслигини билади, аммо у мана шу даврда иттифоқ ичидаги курашларни якка ўзи бошқаришни ҳам ўрганади.

Ушбу янги масъулият иттифоқни сақлаб қолиш учун Германияни АҚШ ва Россия ўртасида янги дипломатик ташаббусларни бошлашга ва айни пайтда Европа Иттифоқидаги ўз манфаатларини ҳам назорат қилишга ундайди. Бошқа томондан, у «Шимолий оқим-2» табиий газ линияси Ливия, Эгей ва Ўрта ер денгизидаги муаммоларда иложи борича эҳтиёткор бўлади. Шубҳасиз, Болқон ва Шарқий Европа эҳтиёткорлик билан мурожаат қилиниши керак бўлган минтақаларнинг бошида туради.

Таъкидлаш жоизки, Европа Иттифоқида юз берадиган муаммолар, можарога айланадиган ҳар бир масаланинг бадалини энг кўп тўлайдиган мамлакат Германиядир. Шу боис, пандемия туфайли иқтисодиёт ва сиёсий менежмент оғирлашаётган бир пайтда у статус-квони ҳимоя қилиш учун дўстларини хотиржамлик сақлашга ундаш вазифасини ҳам ўз зиммасига олади.

Немислар Болқон ва Шарқий Европада АҚШ билан тўқнаш келган даврда Буюк Британиянинг қандай муносабатда бўлиши ҳам Германия учун жуда муҳимдир. Зотан, Германия минтақавий сиёсатда АҚШнинг босимини ҳис қила бошлади. АҚШ ҳарбийларининг бир гуруҳини Германиядан олиб чиқиши ва уларнинг бир қисмини Польшага жойлаштириши Германияни мудофаа харажатларига мажбур қилади ва уни стратегик жиҳатдан заифлаштиради.

Мухтасар қилиб айтганда, Германия Brexit жараёнида кучли иқтисодий ва дипломатик муаммолар билан курашади. У иложи борича иттифоқ ичидаги ёки унинг чегараларидаги тўқнашувлардан ҳимояланишни афзал кўради ва гарчи сукут сақлаб турган бўлса ҳам, Британиянинг қўллаб-қувватлашига муҳтож бўлади.

Франция
Brexit’дан кейин Европа Иттифоқига барқарорлик зарурлигини ҳисобга олмаётган Франция ўзининг тарихий ва жорий алоқалари йўқ минтақалар ҳамда воқеаларнинг асосий иштирокчиси сифатида Буюк Британия томонидан бўшатилган вазифа ва мажбуриятларни бажариш орқали олдинги планга чиқишга ҳаракат қилмоқда. Унинг бу ҳаракатлари муаммоларни ҳал қилишдан кўра, у ўзида мавжуд деб билган кучларни намойиш қилишдан келиб чиқмоқда.

Дипломатик дадиллиги билан Европа Иттифоқи учун янги ташқи хавфсизлик ва мудофаа стратегиясини ишлаб чиқишга интилаётган Макрон бу вазифани уддалаш учун етарли сиёсий ва иқтисодий кучга эгами ёки йўқми, албатта, буни вақт кўрсатади. 

Туркия
Туркия дуч келган минтақавий муаммоларни ҳал қилишда Англияни «калит» сифатида кўради. У ўзи билан келиша олмаётган давлатлар билан муомалада «инглиз калити»дан фойдаланиши эҳтимоли мавжуд. Германия эса мазкур жараёнда Туркияга яқин позициядан жой олади.

Шуни ёдда тутиш керакки, Туркия, айниқса, Болқон ва Шарқий Европа сиёсатида халқаро мувозанатларга қарши Германия билан минтақавий ҳамкорлик қилади. Франция эса ҳар бир мамлакатга миллий ва халқаро сиёсатда зарур бўлган динамизмни бера оладиган мамлакатдир. Шу нуқтайи назардан, Макронга Туркия ташқи сиёсатини тийиб турувчи шахс сифатида қараш керак.

Хулоса
Келгусида биз ўз мавжудлиги ва статус-квосини сақлаб қолишга интиладиган, мослашувчан Европа Иттифоқини кўрамиз. Бу даврда Буюк Британия АҚШ, Европа Иттифоқи, Россия ва Хитой билан бирга халқаро тинчликка ҳисса қўшадиган, Германия ўз зиммасига ортилган юкни кўтаришга ҳаракат қиладиган, Франция эса янги ролни ўйнашга ҳаракат қиладиган мамлакат сифатида намоён бўлади.

Афтидан, келгусида инглизлар қироличанинг соғлиғи учун дуо қилишда, немислар янги Бисмаркни излашда, французлар эса «замонавий Наполеон» ортидан эргашишда давом этадиганга ўхшайди.

Отабек Тиллаев тайёрлади

Мавзу
Brexit жараёни
Мэй Брюсселни Brexit бошланганлиги ҳақида хабардор этувчи мактубни имзолади
Барчаси
Top