14:44 / 04.10.2020
7544

Марҳамат туманини «қизил» ҳудудлардан чиқариш бўйича «йўл харитаси» тақдим этилди

Халқ депутатлари Марҳамат тумани кенгашининг навбатдаги сессиясида «қониқарсиз» ҳудудлар қаторига кирган мазкур туманда йўл қўйилган камчиликлар бўйича изоҳ берилди. Туман ҳокимининг инвестиция ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосари ва бошқа сектор раҳбарлари депутатлар ҳамда туман аҳолиси олдида қисқа муддатлар ичида «қониқарсиз» ҳудудлар рўйхатидан чиқариш бўйича ваъда беришди.

3 октябрь куни Андижон вилояти Марҳамат тумани Кенгашининг навбатдаги 6-чақириқ IX сессияси бўлиб ўтди. Kun.uz мухбири хабар беришича, сессияда тўртта сектор раҳбарлари томонидан туман ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича йўл қўйилган камчиликлар туфайли «қониқарсиз» даражага тушиб қолиши юзасидан изоҳ берилди. Шунингдек, келгусида амалга ошириладиган ишлар хусусида қабул қилинган туман «йўл харитаси» асосида камчиликлар бартараф этилиши таъкидланди.

2019 йил якунлари бўйича туманнинг «қониқарсиз» даражага тушиб қолишига қуйидаги омиллар сабаб бўлгани билдирилди:

  • туманнинг «қониқарсиз» ҳудудга киритилишига асосий омиллар баҳолаш мезонининг 6 устувор йўналишларидан 5таси, яъни иқтисодий ривожланиш ва самарадорлик кўрсаткичлари 1,46 балл, меҳнат бозорининг самарадорлиги 3,56 балл, иқтисодиётнинг рақобатбардошлиги ва диверсификацияси кўрсаткичлари 0,96 балл, ишбилармонлик муҳити ва тадбиркорликни ривожлантириш сифати кўрсаткичлари 3,50 балл, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фуқаролар билан ишлаш самарадорлиги ҳамда маълумотларнинг очиқлиги кўрсаткичлари 2,17 баллни ташкил этгани энг қуйи ўринларни эгаллагани сабаб бўлган;
  • 2019 йил якунларига кўра туманда аҳоли жон бошига ҳудудий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 1 млн 200 минг сўмни ташкил этган ва бу вилоят кўрсаткичидан 1,4 марта кам бўлган;
  • фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари таркибида 3 йилдан ортиқ фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик суъбектларининг 50 фоизини ташкил этган ёки 50 фоизининг фаолияти тўхтатилган;
  • туманда аҳоли бандлиги даражаси 87 фоизни, хотин-қизлар бандлиги даражаси эса 80 фоизни ташкил этади;
  • аҳоли жон бошига ишлаб чиқарилган истеъмол товарлари ҳажми бўйича 13-ўринга тушиб қолган;
  • рўйхатдан ўтган 1317та тадбиркорлик субъектларининг 89таси фаолият юритмаган;
  • виртуал қабулхонага 2518та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 70 фоизи, яъни 1763таси қаноатлантирилган.

Сессия давомида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлаш, аҳоли даромадларини ошириш бўйича  сектор раҳбарларининг ҳисоботи тингланди. Туман ички ишлар бўлими бошлиғи, 3-сектор раҳбари Жамшидбек Қосимов ва туман прокурори Хурсанали Рапиқов режа қилинаётган ишлар бўйича ўз ҳисоботлари билан таништиришди.

Туман ҳокими ўринбосари Дилшод Мадраҳимовнинг таъкидлашича, камчиликларни бартараф этиш юзасидан бир қатор ишлар бошлаб юборилган. Жумладан, жорий йил якунига қадар умумий қиймати 348 млрд сўмлик 21та саноат лойиҳалари ишга тушириш орқали саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 392,7 млрд сўмга етказиш кутилмоқда. Шунингдек, 2021 йилнинг 1-чорагида маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2 миллион 100 минг сўмга етказилади. Мазкур лойиҳалар амалга оширилиши натижасида 271 млрд сўмлик ишлаб чиқариш қувватлари яратилиб, 6,8 млн доллар экспорт қилиш имконияти пайдо бўлади. Шу билан бирга, бюджетга соф тушумлар захираси ва 1,2 млн доллар импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар чиқарилиши йўлга қўйилади.

Ахборотда билдирилишича, туманда 2020-2021 йилларда корхоналар занжирини яратиш орқали 3та саноат корхонаси ташкил этилади.

Туманда «Марҳамат метан газ» МЧЖнинг 70,6 млрд сўмлик лойиҳаси шу йилнинг декабрь ойида ишга туширилади ва йилига 66 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади. «Andiz oil group» МЧЖнинг 45,6 млрд сўмлик ўсимлик ёғини ишлаб чиқариш лойиҳаси 2020 йилнинг охирига қадар ишга туширилади ва йилига 8 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади.

Top