Андижоннинг Марҳамат туманида сувоқ ишлари билан шуғулланувчи аёллар гуруҳи бир талай. Улар гуруҳ-гуруҳ бўлиб жойларда биноларни сувоқ қилади. Абжир аёллар орасида ҳатто олий маълумотлилари ҳам бор. Мавсумда бир ойда 14 миллион сўмгача топамиз, дейди сувоқчи аёллардан бири.

Ойнагул Рисқулова йиллар давомида сувоқчилик қилиб, кўплаб шогирдлар чиқарди. 46 ёшли сувоқчи пул ишлаб, рўзғор камчиликларини бутлашда турмуш ўртоғига кўмаклашади.

Ойнагул Рисқулова

“Сувоқ ишларни опамдан ўргандим. Аёл киши учун тўғри келмайди, дейишган, ўзимга ҳам оғир туюлган бошида, ташласамми, деган фикр ҳам бўлган. Йўқ, кейин яхши ишлаб кетдик, ўргандик. Сувоқчилик ортидан кўп шаҳарларни, вилоятларни кўрдик.

Қурилиш ташкилотларидан ташқари одамлар ҳам уй таъмирлашга чақиради. Ҳар жойдаги муҳитни, одамларнинг бир-бирига бўлган муносабатини кўриб, нимадир ўрганамиз, хулосалар қиламиз.

Бошлиқларимиз байрамларда табриклаб совғалар беради, тадбирлар ўтказади. Аёлларга мос совғалар қилишганда хурсанд бўламиз, кўпроқ ишлашга ҳаракат қиламиз.

Коллеж, мактаб, ҳатто президент мактаблари, боғчаларни фойдаланишга топширганмиз. Ишимизни кўриб, раҳмат айтишгандаги ҳолат жуда бир бошқача бўлади.

Гуруҳимизда 14 нафар аёл ишлайди. Икки машинада ишга қатнаймиз. Икки йигит ҳам бор, улар оғир ишларда бизга ёрдамлашади. Орамизда турмушга чиқмаган қизлар ҳам бор, улар бизга ҳавас қилиб қўшилган. Кўпчилигимиз бир бир-биримизга қариндош, таниш-билиш, шунинг учун ҳам уйдагиларимиз ишониб рухсат беради.

6-7 йил олдин ўзимизнинг Марҳамат туманидаги Маданият саройида ишладик. Бир тадбирга чақириб қолишди яқинда. Бордик, кириб борганимизда ўзимизнинг ишимиздан кўзимиз қувонди. Меҳмонга борган бинони биз сувоқ қилган эдик. Ходимлар бинони жуда чиройли сақлабди. Меҳнатимиз қадридан қувондим, бошқа аёлларга мақтандим ҳам.