14:07 / 04.10.2020
39602

Озарбойжон ўз ҳудуди Тоғли Қорабоғдан ўққа тутилганини маълум қилди. Арманистон Бокуни тинч аҳолига зарба беришда айбламоқда

Озарбойжон Арманистон қуролли кучларини Фузулий тумани ҳудудига ракета зарбалари йўллашда айблади. «Интерфакс» хабарига кўра, Озарбойжон мудофаа вазирлиги Тертер тумани ва Агдам қишлоғига ҳам артиллериядан ўт очилгани ҳақида хабар берган. Вазирлик мос равишда жавоб қайтарилганини маълум қилган.

Фото: Getty Images

Арманистон Озарбойжон ҳудудини ўққа тутгани ҳақидаги хабарларни рад этган, ўз навбатида Озарбойжон тан олинмаган Тоғли Қорабоғ маркази — Степанакертдаги тинч аҳоли вакилларини нишонга олганини билдирган. Тоғли Қорабоғ расмийлари эса Озарбойжоннинг Ганжадаги ҳарбий аэропорти йўқ қилинганини билдирган. Озарбойжон томони бу маълумот бўйича ҳозирча изоҳ бермади.

Тоғли Қорабоғда Арманистон ва Озарбойжон ўртасида 1990-йиллардан буён сақланиб қолаётган можаро сентябрь ойи охирида яна авж ола бошлади. Томонлар бир-бирини провокацияда ва артиллерия орқали ўт очишда айблади. Икки томон ҳам ўз ҳудудида ҳарбий ҳолат эълон қилган. 2 октябрь куни Арманистон тинчлик музокараларига тайёр эканини маълум қилди, Озарбойжон ва Туркия рад жавоби берди.

Озарбойжон Бош прокурори Камран Алиевнинг маълумот беришича, Арманистон Қуролли Кучлари томонидан ўққа тутилиши натижасида 27 сентябрдан бери 19 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган. Бундан ташқари, шу вақтгача 63 киши жароҳат олгани қайд этилган.

Озарбойжон фуқароларининг ўлими, уларнинг яраланиши, мол-мулкига зарар етказилиши фактлари бўйича мамлакатнинг бешта минтақасида содир бўлган воқеалар бўйича 12та жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ икки томон ҳам бир-бирининг йўқотишлари ҳақида хабарлар тарқатган, бу хабарларда икки томон ҳам минглаб ҳарбийсидан айрилгани айтилганди.

Мавзу
Қорабоғ уруши
12 июль куни Озарбойжон шимоли-ғарбидаги Товуз вилояти ҳудудида икки давлат қўшинлари ўртасида тўқнашув содир бўлди.
Барчаси
Top