19:30 / 05.10.2020
3706

Uzbekistan Airways томонидан кўрсатилган хизматларда юк ташиш ҳажми 0,03 фоиз, жаҳонда бу кўрсаткич 35 фоизга тенг - Сенат

Uzbekistan Airways авиакомпанияси фаолиятига оид таҳлилларга кўра, компаниянинг парвозлар сони 2010 йилдан буён атиги 15 фоизга ошгани маълум бўлган. Кўрсатилган хизматлар умумий ҳажмида юк ташиш 0,03 фоиз улушни ташкил этади, жаҳон миқёсидаги ўртача кўрсаткич эса 35 фоизни ташкил этади.

Бугун, 5 октябрь куни Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси ҳамкорлигида «Рақобат тўғрисида»ги қонун ижросига бағишланган тадбир ўтказилди. Унда ҳар икки қўмита томонидан Uzbekistan airways АЖ фаолиятига оид ўрганилган таҳлиллар маълум қилинди.

Унга кўра, ҳаво транспорти соҳасининг ички ва ташқи бозорда рақобатбардошлик ҳолатига салбий таъсир этувчи бир қатор омиллар аниқланган. Uzbekistan Airways АЖ минтақавий ва халқаро даражадаги парвозларни амалга оширувчи ягона миллий компания, шунинг учун ҳам рақобат муҳити бўлмаган шароитда компаниянинг фаолият самарадорлигини оширишга қизиқиши мавжуд эмас.

2010 йилдан буён компаниянинг парвозлар сони бор-йўғи 15 фоизга ошган. Ҳаво техникасининг кам миқдордалиги янги йўналишларни ўзлаштириш, парвозлар сонини кўпайтириш ҳамда компания самарадорлигини ошириш имкониятини чеклайди.

«Шунингдек, парвозлар синфларини танлашнинг мураккаб тизими, харид қилинаётган хизматларнинг муҳим шартлари ҳақида истеъмолчиларнинг ахборотга эга бўлишига салбий таъсир этмоқда.

Uzbekistan Airways АЖ тизимида юк ташишни ривожлантириш қўшимча даромад манбайи сифатида кўриб чиқилмаган. Кўрсатилган хизматлар умумий ҳажмида юк ташиш 0,03 фоиз улушни ташкил этади, бу эса жаҳон миқёсидаги 35 фоиздан анча паст бўлиб, бу юк ташиш салоҳиятидан етарлича фойдаланилмаётганини кўрсатади.

Аэропортларнинг замонавий ихтисослашган ускуналар билан етарли даражада жиҳозланмагани самолётларни юқори сифатли қабул қилиш ва техник хизмат кўрсатиш даражаси пастлигига олиб келмоқда. Натижада аэропортларнинг ҳамкор сифатида жозибадорлиги пасаймоқда», дея камчиликларни маълум қилди Сенат қўмитаси.

Uzbekistan Airways АЖ раиси ўринбосари Умид Ҳусанов айни пайтда компанияни ислоҳ қилиш масаласи Жаҳон банки билан ҳамкорликда кўриб чиқилаётгани, харажатларни қисқартириш масалалари ҳам ўрганилаётганини маълум қилган.

Top