22:14 / 05.10.2020
15469

Юзлаб абитуриентлар имтиёзларни ҳисобга олишдаги хатолик сабаб ДТМ ва вазирлик орасида сарсон бўлмоқда

5 октябрь, душанба куни ҳарбий имтиёзли юзлаб абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари Тошкентда, Давлат тест маркази биноси олдида тўпланишди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Йиғилганлар бакалавриатга қабул тестлари якунида ДТМ томонидан Қуролли Кучларда муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, тавсиянома олган ёшларнинг 5 фоизлик квота чегарасида баллари қўшиб ҳисобланмагани ва ўқишга киролмай қолгани учун норозилик билдиришди.

«Бу ерда йиғилганларнинг барчаси – муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган ёшлар. Уларда Ўзбекистон президентининг 2017 йил 31 майдаги ПҚ-1765 сонли қарорига мувофиқ ҳарбий қисм қўмондонлиги томонидан берилган тавсияномалар бор.

Бизга ОТМларга кириш учун 5 фоизли квота ажратилган. Абитуриентлар онлайн рўйхатдан ўтишда тавсияномаларини сўралгани бўйича умумий базага киритишган. Аммо ДТМ базаси шундай ишланганки, абитуриентнинг паспорт, диплом ёки тавсиянома рақами ноль рақами билан бошланса, ўша бошидаги ноль тушиб қолади. Имтиёзи ҳисобланмаган барча абитуриентларники, жумладан, ҳозир бу ерга йиғилганларнинг ҳам ҳужжати рақами ноль билан бошланади.

ДТМ вазирликларга ҳарбий тавсияномаларни тасдиқлаш учун рўйхат юборганда, ўша нолсиз юборган. Вазирликлар эса бундай рақамли тавсиянома берилмаган, дея уларни қайтариб юборган.

Масалан, менда ҳам шундай бўлди. Наманган давлат университетидаги ўзим топширган йўналишдаги ўтиш балли 56,8 бўлди. Мен тавсиянома билан бирга ҳисоблаганда жами 110 балл тўплаганман. Аммо юқорида айтилган хатолик туфайли менга талабаликка тавсия қилинмадингиз, деган хат келди», – дейди Kun.uz мухбири суҳбатда Сардор Нугманов. 

Унинг қўшимча қилишича, шу каби тушунмовчиликка дуч келган барча абитуриентлар Мудофаа вазирлиги ва ДТМга ҳолатни тўғрилаш бўйича кўп бор мурожаат қилган. Аммо на вазирлик ва на ДТМ бу ҳолатни ўз хатоси деб тан олмаяпти.

Оқибатда абитуриентлар деярли 10 кундан буён икки идора орасида сарсон-саргардон бўлмоқда.

«Хўш, нима учун тавсияномамиз бор-у, биз талаба бўлолмаяпмиз?», – дейди Сардор.

Бошқа бир абитуриент Бекзод Аҳмаджонов ҳам 25 сентябрдан бошлаб шу икки идора орасида сарсон. Бекзоднинг айтишича, унга тест жараёнларига кириш учун рухсатнома берилганда тавсияномаси инобатга олинган.

«Аммо кейинроқ бу муаммо чиқиб турибди. ДТМга келсак: «Бу бизнинг камчилик эмас, сизларни масалангизни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат қабул комиссияси ҳал қилади», деб қайтариб юборяпти. Тушунмайман, нима учун ДТМ ёки вазирликнинг камчилиги, хатоси деб шунча ёшлар сарсон бўлиши керак?» – дейди у.

Хатолик туфайли талабаликка тавсия қилинмай қолганлар орасида узоқ ҳудуд ёшлари ҳам бор. Жумладан, Манас Қалбаев Тошкентга Қорақалпоғистондан келган.

«Шу муаммо сабаб узоқ йўл босиб келдим. Ўн кун бўляптики, ҳамон Тошкентдаман. Бир идора иккинчисига, иккинчиси яна биринчисига юборади», – дея у ҳам ўзи дуч келган муаммо ҳақида гапириб берди.

Абитуриентлар билан суҳбатлашар эканмиз, бироз ўтиб ДТМ биноси олдига ОАВнинг бошқа вакиллари ҳам бирин-кетин йиғила бошлади. Йиғилган журналистлар ва абитуриентларга ДТМ бош бошқарма бошлиғи Барно Ражабов изоҳ берди.

Ражабовга кўра, қўлида тавсияномаси бор абитуриентларнинг имтиёзи албатта ҳисобга олинади. Бу тавсияномани бекор қилишга эса ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.

«Ҳа, барча абитуриентлар онлайн рўйхатдан ўтиш давомида қўлидаги тавсияномани рўйхатга киритган. Аммо уни ҳеч ким текширмаган. Яъни бу ҳужжатларнинг ҳақиқий ёки қалбаки эканлиги кўриб чиқилмаган.

Биз рўйхатдан ўтган барча абитуриентларнинг тавсияномаларини тасдиқлаш учун вазирлик, идораларга берганмиз. Бу вазирлик ва идоралар кимларда имтиёз бор, деб бизга жавоб берган бўлса, биз унга имтиёз қўллаганмиз. Лекин имтиёзи тасдиқланмаган абитуриентлар ҳам борки, биз уларга ўз-ўзимизча имтиёз балларини ҳисоблай олмаймиз», – деди бошқарма бошлиғи.

У ўз сўзида шунингдек, имтиёзли абитуриентлар масаласи масъул вазирликларда қайта ўрганиб чиқилаётгани, жараён якунлангач абитуриентларга маълумот берилишини айтиб ўтди.

«Сизлар фақат кутишингиз керак. Бу қанча вақт олишини эса ҳозир айтолмайман. Ўқишга кирсангиз, ўзингиз ҳужжат топширган ОТМ ёки сайтимиздаги шахсий кабинетингиздан маълумот олишингиз мумкин», – деди у.

Бу жавоб кимнидир қониқтирди, кимнидир эса йўқ. Ҳар ҳолда кўпчилик абитуриентлар ўқишга кириш масаласи ҳал бўлмагунча яшаш манзилига қайтмоқчи эмас.

Биз эса юзлаб талабаларни сарсон-саргардон қилаётган бу хатолик қандай келиб чиққани, бу хато учун масъулият кимда экани ва умуман жараён якунлари бўйича тайинли жавобни тез орада кутиб қоламиз.

Мавзу
Қабул-2020
20 июнь куни ОТМларга ҳужжат қабул қилиш бошланди. Имтиҳонлар 1 август куни бошланиши режалаштирилмоқда.
Барчаси
Top